Тошкентда пиёдалар йўлагини эгаллаган кафе бир қисми демонтаж қилинди
Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги «Мовий гумбазлар» хиёбонида пиёдалар ҳаракатига тўсқинлик қилган умумий овқатланиш шохобчасининг ёзги майдончаси юзасидан чора кўрилди. Шунингдек, ушбу ҳудудда етказиб бериш хизмати билан шуғулланувчи ўсмир билан жанжаллашган шахсга нисбатан ҳам маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, «Мовий гумбазлар» хиёбонида ёзги майдончанинг жойлаштирилиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган. Шундан сўнг ҳудуддан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ва пиёдаларнинг эркин ҳаракатланиши юзасидан текширув ўтказилган.
Текширув давомида қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган. Ҳокимликка кўра, ҳудуд қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолатга келтирилган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ИИББ 17 октябр куни тахминан соат 13:00 да мазкур овқатланиш шохобчаси масъули С.Р. ва вояга етмаган фуқаро – етказиб бериш хизмати билан шуғулланувчи М.Я. ўртасида келиб чиққан келишмовчилик юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, М.Я. пиёдалар йўлаги бўйлаб, ва табиийки, йўлакни эгаллаб олган кафе ўртасида ҳам скутерида ҳаракатланган. Кафе ходими – С.Р. эса бунга эътироз билдириб, М.Я. га қўпол муомала қилган ва жамоат тартибини бузган.
Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан С.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси — «Майда безорилик» бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.
Пойтахт ҳокимлиги жамоат жойлари аҳоли учун очиқ бўлиши, тадбиркорлар эса фаолиятини қонунчилик талабларига ва фуқаролар ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда юритиши шартлигини таъкидламоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter