Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Озарбайжонда «Ўзбекистон маданият кунлари» бўлиб ўтмоқда

Озарбайжонда «Ўзбекистон маданият кунлари» бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар тарихий, маданий, тил ва анъаналар жиҳатидан чуқур илдизларга эгадир. Икки давлатни нафақат геосиёсий манфаатлар, балки умумий маданий мерос, қадриятлар ва туркий халқларга хос бирлик руҳи боғлаб туради. Маданий ҳамкорлик икки халқ ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Икки давлатнинг маданий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон ва Озарбайжон Маданият вазирликлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 14 – 20 декабр кунлари Озарбайжон Республикаси Боку ва Фузулий шаҳарларида «Ўзбекистон маданияти кунлари» доирасида санъат усталари иштирокида концерт дастури, «Янги Ўзбекистон» фото кўргазмаси ташкил этилмоқда.

Озарбайжонда ўтказиладиган «Ўзбекистон маданият кунлари» тадбирларига 170 нафардан зиёд Ўзбекистон Республикаси делегациясига Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов бошчилик қилмоқда.

14 декабр куни Боку шаҳридаги муҳташам Ҳайдар Алиев марказида Озарбайжонда «Ўзбекистон маданият кунлари» тадбирларига бағишланган тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов ҳамда Озарбайжон маданият вазири ўринбосари Фарид Жафаров нутқ сўзлаб, икки халқ тарихий илдизлар ва маданий яқинлик билан чамбарчас боғланганлиги, ҳар икки халқ ислом дини, туркий қадриятлар ва умумий тарихий мерос асосида шаклланганлиги билан ажралиб туришини таъкидлашди.

«Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий муносабатлар бугун пайдо бўлган эмас, унинг тарихий илдизлари Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Жомий ва бошқа буюк мутафаккирлар даврига бориб тақалади. Шунингдек, «Ипак йўли» орқали Озарбайжон ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар юзлаб йиллар давом этган. Бу маданий боғланишлар ҳозирги кунда ҳам ривожланиб бормоқда», – деди Баҳодир Аҳмедов.

Ўз ўрнида Озарбайжон маданият вазири ўринбосари Фарид Жафаров ҳам нутқи давомида «Азалдан тарихи, тили ва дини, урф-одат ва анъаналари, бугунги орзу-интилишлари муштарак бўлган халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлашда ўтказилаётган маданият кунларининг улкан ўрни ҳамда аҳамияти бор»лигини таъкидлади.

Сўнг, Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артистлар, Ўзбекистон давлат симфоник оркестри, Мақом ансамбли, «Наврўз» рақс ансамбли иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

20 декабргача давом этадиган маданият кунлари доирасида, Ўзбекистон ва Озарбайжон Маданият вазирликлари раҳбарияти билан учрашувлар, Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма маданий комиссиясининг 1-мажлиси, Туркий маданият ва мерос жамғармаси раҳбари билан учрашув, «Наврўз» рақс ансамблининг концерт дастури намойиши, Озарбайжон давлат филармониясида «Ўзбекистон маданияти кунлари» доирасида Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг концерт дастури намойиши, Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек умумтаълим мактабида «Ўзбекистон маданияти кунлари» доирасидаги тадбирларнинг ёпилиш маросимига бағишланган концерт дастури жараёнлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида 1996 йилда имзоланган Гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосан икки давлат ўртасида маданий ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.

2023 йилда Боку шаҳрида «Ўзбекистон маданияти кунлари» 2024 йилда Тошкент шаҳрида «Озарбайжон маданияти кунлари» тадбирлари юқори савияда ўтказилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг