Қашшоқликдан – «Чўқинтирган ота»гача: ёзувчи Марио Пьюзонинг ҳайратланарли ҳаёт йўли
У 45 ёшида қарзга ботган эди. Иккита романи омадсиз чиққан, банклар ва кредиторлар эса пулларини талаб қилаётганди. Турмуш ўртоғи ва беш нафар фарзандини қандай боқиш ҳақида бош қотираётган ёзувчи ҳаётини ўзгартирадиган қарор қабул қилди: «Энди пул топадиган китоб ёзаман!» Орадан кўп ўтмай, бу китоб нафақат уни миллионерга айлантирди, балки жаҳон адабиёти ва киноси тарихида ўчмас из қолдирди. Бу китобнинг номи «Чўқинтирган ота» эди.
Ота ташлаб кетган оила
Марио Пьюзо 1920 йил 15 октябрда Нью-Йоркда италиялик муҳожирлар оиласида туғилган. Отаси оилани тарк этгач, онаси Мария беш фарзандини ёлғиз ўзи катта машаққат билан вояга етказди. Қашшоқликка қарамай, у фарзандларини меҳнатсевар ва иродали қилиб тарбиялади.
Кейинчалик Пьюзо онасини ҳаётидаги энг буюк инсон деб эътироф этди. Унинг матонати, оилага садоқати ва донолиги «Чўқинтирган ота» романидаги Дон Вито Корлеоне образини яратишда илҳом берганини айтди.
Иккинчи жаҳон урушида АҚШ армияси сафида хизмат қилган Пьюзо урушдан кейин журналистика ва ёзувчиликка кириб келди. Бироқ унинг дастлабки икки романи – «Қоронғи томошагоҳ» ва «Бахтли зиёратчи» танқидчиларга маъқул келган бўлса-да, китобхонлар эътиборини қозона олмади.
Энг катта таянч
1946 йилда Пьюзо Эрика Броскега уйланди. Улар салкам 32 йил бирга яшаб, беш нафар фарзанд – Энтони, Дороти, Виржиния, Майкл ва Кэролни вояга етказишди.
Ёзувчиликдан деярли даромад келмаган йилларда Эрика турмуш ўртоғини қўллаб-қувватлади. Кейинчалик Пьюзо энг оғир дамларида унга куч берган нарса оиласи эканини бир неча бор таъкидлаган.
Қарзлар туфайли ёзилган шоҳ асар
1960 йил охирига келиб Пьюзо қарийб 20 минг доллар қарзга ботди. Банклар, қариндошлар ва ҳатто букмекерлардан олган қарзлари ортиб борар, оиласини таъминлаш тобора қийинлашарди. Шунда у ҳаётини ўзгартириб юборадиган қарорни қабул қилди: «Энди пул топадиган китоб ёзаман!»
Қизиғи шундаки, Пьюзо ҳеч қачон ҳақиқий мафия аъзоси билан яқиндан таниш бўлмаган. У «Чўқинтирган ота» романини газеталар, суд ҳужжатлари, журналистик суриштирувлар ва ўзининг бой тасаввурига таяниб ёзди.
Миллионлар эшигини очган китоб
1969 йилда «Чўқинтирган ота» нашр этилди ва қисқа вақт ичида бутун дунёда ҳақиқий шов-шувга айланди. Асар 30 дан ортиқ тилга таржима қилинди ва 21 миллиондан зиёд нусхада сотилди.
Пьюзо дастлаб роман учун атиги 5 минг доллар аванс олган эди. Кейин фильм ҳуқуқларини тахминан 80 минг долларга сотди. Аммо китобнинг улкан муваффақияти унга йиллар давомида миллионлаб долларлик даромад келтирди.
1972 йилда «Чўқинтирган ота», 1974 йилда эса «Чўқинтирган ота, II қисм» фильмлари экранларга чиқди. Пьюзо режиссёр Фрэнсис Форд Коппола билан биргаликда ҳар икки фильм сценарийси учун икки марта «Оскар» мукофотига сазовор бўлди.
Ҳатто бир куни сценарий ёзиш ҳақида китоб сотиб олганида, биринчи бобда шундай тавсияни ўқиб ҳайратда қолди: «Сценарий ёзишни ўрганиш учун “Чўқинтирган ота” сценарийсини ўрганинг».
Қарздор ёзувчидан миллионергача
«Чўқинтирган ота»дан кейин Пьюзо дунёдаги энг машҳур ёзувчилардан бирига айланди. «Алданганлар», «Сицилиялик», «Сўнгги дон», «Омерта» ва «Оила» романларини ҳам ёзди. Асарлари миллионлаб нусхада сотилди, фильмлар ва китоблардан келган муаллифлик ҳақи эса унинг молиявий аҳволини тубдан ўзгартирди.
Турли манбаларга кўра, ҳаётининг охирги йилларида Марио Пьюзонинг бойлиги 20–25 миллион доллар атрофида бўлган.
Аммо бойлик ҳамма дардга даво бўлмади. 1978 йилда унинг умр йўлдоши Эрика кўкрак саратонидан вафот этди. Бу фожиа Пьюзога қаттиқ таъсир қилди. Кейинги йилларда у фарзандлари бағрида яшаб, бор эътиборини ижодга қаратди.
Ўлмас мерос
1999 йил 2 июлда Марио Пьюзо 78 ёшида юрак етишмовчилигидан вафот этди.
Унинг ҳаёти бир ҳақиқатни исботлайди: инсон тақдирини баъзан битта тўғри қарор ўзгартиради. Агар Пьюзо қарзларидан қўрқиб таслим бўлганида, эҳтимол, дунё «Чўқинтирган ота»дек ўлмас асарни ҳеч қачон ўқимаган бўларди.
Бугун Марио Пьюзо нафақат машҳур ёзувчи, балки қийинчиликлар олдида таслим бўлмаган инсоннинг рамзи сифатида ҳам ёдга олинади.
Анвар Намозов


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter