Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тарихий қиёфанинг қайта тикланиши ва маънавий уйғониш: Саида Мирзиёева миллий қўғирчоқ театрининг реконструкцияси билан танишди

Тарихий қиёфанинг қайта тикланиши ва маънавий уйғониш: Саида Мирзиёева миллий қўғирчоқ театрининг реконструкцияси билан танишди

Пойтахтимиз маданий ҳаётида муҳим воқеа юз берди, реконструкциядан сўнг Ўзбекистон давлат миллий қўғирчоқ театри ўз эшикларини кенг очди. Театрга ташриф буюрган Саида Мирзиёева мазкур маскандаги ўзгаришлар ҳамда болалар тарбиясидаги театр санъатининг ўрни ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.

​«Қўғирчоқ театри санъати анъаналарини асраб қолиш мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, қўғирчоқ болалар билан мулоқотда ҳамша энг яхши воситачи бўлиб қолади. Улар болалар тушунадиган тилда эркинлик, масъулият, матонат ва дўстлик каби муҳим тушунчалар ҳақида сўзлашишга ёрдам беради», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

​Реконструкциянинг биринчи босқичи якунланиши билан театр ҳаётига яна жон кирганини сезиш қийин эмас. Бугун бу ерда яна болаларнинг шодон кулгиси янграб, ота-оналар ўз фарзандлари билан санъат оламига ғарқ бўлмоқда.

Театрнинг қайта тикланишида энг муҳим жиҳат – унинг тарихий қиёфаси ва руҳини сақлаб қолишга қаратилди. Мутахассислар бинонинг ўзига хос жиҳатларини асл ҳолида қайта жонлантиришди. Жумладан:

  • ​«Эртаклар шаҳарчаси» ўзгаришсиз қолдирилди;
  • ​Залнинг қадимий чўян эшиклари, ноёб шиша плафонлар ва мозаикалар реставрация қилинди;
  • ​Пештоқ композициялари ҳамда карнай чалаётган созандалар сиймоси тўлиқ таъмирланиб, театрнинг ўтмишдаги ҳашамати тикланди.

Саида Мирзиёева театр репертуаридан ўрин олган, Вилгельм Гауфнинг машҳур асари асосида саҳналаштирилган «Халифа Лайлак» спектаклини томоша қилди. Ушбу асар инсон иродаси ва ўзликни англашдек юксак ғояларни илгари суриши билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда Миллий қўғирчоқ театри шунчаки маданият маскани эмас, балки авлодлар ўртасидаги боғлиқликни сақловчи маънавий даргоҳ сифатида янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Янгиланган театр кичик томошабинларни эртаклар оламидаги бетакрор саргузаштларга чорлаб, уларнинг дунёқарашини бойитишда давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг