IT Park Uzbekistan Японияда ваколатхонасини очди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва IT Park хизматлар экспортини ривожлантириш директори Маҳлиё Муксинова бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Японияга иш ташрифи билан борди.
Ташрифдан кўзланган мақсад IT-аутсорсинг, технологиялар ва рақамли таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Токиода IT Park’нинг расмий ваколатхонасини очишдан иборат.
Ташрифнинг энг муҳим қисми 13 май куни Токионинг Акихабара шаҳрида — технологик ва ижодий саноат марказида IT Park Uzbekistan’нинг Япониядаги ваколатхонаси расмий очилиши бўлди.
Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳсин Абдураҳмонов, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Хизматлар экспортини ривожлантириш директори Маҳлиё Муксинова ва «Digital Knowledge» директорлар кенгаши раиси Хироаки Хага иштирок этдилар. Қайд этилишича, янги офис япон бизнеси билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш нуқтасига айланади ва аутсорсинг, инвестициялар ҳамда IT-таълим соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Тадбир доирасида IT Park ва «Digital Knowledge» ўртасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш, япон компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб қилиш ва таълим дастурларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Маълумот учун, «Digital Knowledge» 2007 йилда ташкил этилган. Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари IT-хизматлар, IT-таълим ва компанияларни IT-мутахассислар билан таъминлашдан иборат. «Digital Knowledge» Ўзбекистондаги «Japan Digital University» асосчиси бўлиб, ҳозирда у ерда 620 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар нафақат IT-йўналишларини ўзлаштирмоқда, балки шу билан бирга япон тилини ҳам ўрганяпти.
Маросимнинг якунида, Ўзбекистон ва Япония IT-компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Япониялик иштирокчиларнинг юқори қизиқиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда технологик ривожланишнинг янги маркази сифатидаги стратегик аҳамиятини тасдиқлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter