Анталияда Ўзбекистон театри илк бор Аспендос халқаро опера ва балет фестивалида қатнашди

Туркиянинг Анталия шаҳри яқинида жойлашган икки минг йиллик қадимий Рим амфитеатри — Аспендос яна санъат ихлосмандлари диққат марказида. 14-сентябрдан 1-октябргача давом этган 32-Халқаро опера ва балет фестивали бу йил ҳам ўзининг бой дастури ва юксак бадиий савияси билан дунё миқёсида катта эътибор қозонди.
Мазкур фестиваль илк бор 1994-йилда ташкил этилган бўлиб, 1998-йилда халқаро мақомни олди ва бугун дунёнинг энг нуфузли санъат форумларидан бири сифатида танилган. 2003-йилда эса у Европа фестиваллар ассоциацияси аъзолигига қабул қилинган. Ҳатто 2004-йилда “The Independent” нашри уни дунёнинг энг яхши 10 опера фестивали рўйхатида 5-ўринга қўйди.
Фестивальнинг асосий саҳнаси — эрамизнинг II асрида, Рим императори Марк Аврелий даврида қурилган ва ўзининг мукаммал акустикаси билан машҳур Аспендос театри. Икки минг йиллик тарих ва ҳайратомуз меъморий қиёфа ҳар бир спектаклни янада бетакрор қилади. Шу жиҳатдан Аспендос бугун нафaқат Туркия, балки бутун дунё маданиятининг дурдонасига айланган.
Бу йилги фестиваль дастурига олти йирик саҳна асари — учта опера ва учта балет намойиш этилди. Фестиваль 14-сентябр куни Пуччинининг машҳур “Турандот” операси билан очилди. Унда дунёга машҳур солистлар — сопрано Ольга Маслова ва тенор Риккардо Масси иштирок этди. Кейинги кунларда томошабинлар “Зорба”, “Лебединое озеро”, “Дон Кихот” каби балетларни ҳамда Пуччинининг “Тоска”сини томоша қилиш имконига эга бўлди.
Энг катта эътибор ва қизиқиш эса фестивальнинг ёпилиш кунига тўғри келди. Чунки илк маротаба Марказий Осиёдан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри тўлиқ группаси билан иштирок этди. Театр 1-октябр куни Жузеппе Вердининг машҳур “Травиата” операси билан фестивални якунлаб берди.
Мазкур спектаклни режиссёр Константин Камынин саҳналаштирди, оркестрга эса таниқли дирижёр Вячеслав Чернухо-Волич раҳбарлик қилди. Асарда машҳур солистлар Латифа Абиева (Виолетта), Рамиз Усмонов (Алфредо), Раҳим Мирзакaмaлов (Жоржо Жермон) ва бошқа ўзбек солистлари муваффақиятли чиқиш қилдилар. Томошабинлар уларнинг ижросини катта олқишлар билан қарши олди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа давлатлардан фестивалга асосан машҳур солистлар таклиф этилган бўлса, Ўзбекистон театри тўлиқ жамоа билан қатнашди. Бу нафaқат Ўзбекистон санъати, балки бутун Марказий Осиё маданий ҳаёти учун тарихий воқеа бўлди.
Фестиваль давомида қадимий Аспендос театрининг 13 минг ўринли залида 8000 га яқин томошабин спектакллардан баҳраманд бўлди. Айниқса, “Травиата”нинг Ўзбекистон жамоаси ижросидаги тақдимоти санъат ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олди.
Шу тариқа, Алишер Навоий номидаги катта театр илк бор нуфузли Аспендос фестивалида қатнашиб, дунё миқёсидаги энг йирик опера ва балет майдонларидан бирида ўзбек санъатини муносиб намойиш этди. Бу гастрол Ўзбекистон маданиятининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter