Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жазоир элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳолатини баҳолади

Жазоир элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорлик ҳолатини баҳолади

Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари юксак даражага кўтарилди, айни чоғда, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд, дейди Жазоир Халқ Демократик Республикасининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Ирқий.

Тошкентда Жазоир миллий байрами — Инқилоб куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда нутқ сўзлаган дипломат Ўзбекистондаги кечаётган ислоҳотлар юзасидан ҳам фикр билдирди.

«Жазоир президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари раҳнамолигида Ўзбекистонда юз бераётган улкан ўзгаришлар ва кенг қамровли динамик тараққиётни катта эътибор ва ҳайрат билан кузатиб бормоқда. Ушбу ислоҳотлар жараёнида қардош ўзбек халқининг эркинликдан, демократия ва ижтимоий адолатдан, шунингдек, фаровонлик ва гуллаб-яшнашдан баҳраманд бўладиган Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда», — деди Муҳаммад Ирқий.

Элчи яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини улкан маданий аҳамиятга эга ҳодиса деб атади.

«2025 йил 30 октябрдан 13 ноябргача бўлиб ўтган ушбу конференциянинг ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилиши тарихий воқеа бўлди.  Бу Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги ўрни ва самарали ишлари ҳамда Самарқанднинг тарихий аҳамияти, маданий мероси ва унинг илм-фан ва инсониятга қўшган ҳиссасининг тан олиниши сифатида қабул қилинди», — деди дипломат.

Жорий йилда икки давлат ўртасидаги мулоқотлар янада фаоллашди. Жумладан, апрель ойида Парламентлараро иттифоқ ассамблеяси доирасида юртимизга Жазоир Миллий халқ ассамблеяси раиси Браҳим Бугали ташриф буюрди ва Олий Мажлис палаталари раислари билан учрашди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов сентябрь ойида Нью-Йоркда, БТМ Бош ассамблеяси йиғилишлари доирасида жазоирлик ҳамкасби Аҳмад Аттаф билан музокара ўтказди.

Элчининг маълум қилишича, икки давлат сиёсий маслаҳатлашувлар қўмитаси йил охиригача Жазоирда ўзининг учинчи мажлисини ўтказиши кутилмоқда.

Жазоир 1991 йилда Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган илк давлатлардан бири бўлган ва 1992 йилда ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилган.

«Жазоир 1993 йилда Тошкентда ўз элчихонасини очган биринчи араб давлати бўлган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Жазоирда доимий элчихонасини очиши билан боғлиқ умидларимиз бор», — деди Муҳаммад Ирқий.

Дипломатнинг таъкидлашича, Жазоир ва Ўзбекистоннинг «сиёсий ирода ва улкан имкониятларга асосланган икки томонлама ҳамкорлик даражаси ҳали тўлиқ амалга оширилган эмас».

Маълумот ўрнида: 1830 йили Жазоирга француз мустамлакачилари бостириб кирган. 1920-30 йилларда мамлакатда миллий озодлик ҳаракати кучайган. 1945 йилда рўй берган дастлабки қўзғолон бостирилган. 1954 йил 1 ноябрда эса миллий озодлик фронти ташкил этилган. Шу тариқа миллий озодлик йўлида қарийб 8 йилга чўзилган кураш бошланган. 1962 йил 5 июлда Жазоир мустақилликка эришган.

Жазоир халқи озодликка эришиш ва суверенитетини тиклаш учун 132 йил давомида мустамлакачиларга қарши курашган.

«1 ноябр инқилоби Жазоир халқининг ҳаётида ҳал қилувчи босқич бўлди, у бир асрдан ортиқ  давом этган зулм ва мустамлакачилик даврига якун ясади. Инқилоб нафақат Жазоир, балки бошқа кўплаб мустамлака бўлган халқлар учун ҳам озодлик ва мустақилликка эришиш йўлида ёруғлик сочган бир машъалага айланди», — деди элчи Муҳаммад Ирқий.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг