Шифокор қоғозбозлик билан эмас, бемор билан банд бўлсин!
Эрта тонг, соат 8:00. Туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси ҳар кунгидек беморлар билан гавжум. Айниқса, грипп мавсумида кимдир боласини текширувга олиб келган, кимдир укол олишга, яна кимдир таҳлил топширишга келган. Шифокорлар эса одатдагидек янги иш кунини бошлашга шайланмоқда.
Поликлиникада ўндан зиёд тиббиёт ходими фаолият юритади. Уларнинг ҳар бири учун иш куни беморларни қабул қилишдан бошланади. Аммо шифокорнинг вазифаси фақат ташхис қўйиш ва даволашдан иборат эмас. Касбий малакасини тасдиқлаш, аттестациядан ўтиш, сертификатларни расмийлаштириш, турли маълумотларни олиш каби юмушлар ҳам бор.
Илгари бундай масалаларнинг ҳар бири алоҳида вақт, ҳужжат ва баъзан бир нечта идорага боришни талаб қиларди. Бугун эса бу жараёнларнинг бир қисми компьютер ёки смартфон орқали онлайн ҳал этилмоқда.
Шифокор аттестациядан ўтиши ва малака тоифасини олиши учун беморлар қабули қолиб кетмайди...
Терапевт Дилноза опа ушбу поликлиникада кўп йиллардан буён ишлайди. Унинг олдига ҳар куни турли ёшдаги беморлар келади. Бугун у малака тоифасини ошириш учун аттестацияга ҳужжат топшириши кераклигини эслади.
Авваллари бунинг учун ҳужжатларни тайёрлаш, тегишли ташкилотга бориш ва аризанинг кўриб чиқилишини кутишга тўғри келарди. Энди эса у my.gov.uz порталига кириб, аттестациядан ўтиш ва малака тоифасини олиш хизмати орқали электрон ариза юбориши мумкин.
Шифокор учун бу оддий қулайлик эмас. Чунки у идорама-идора юришга сарфлайдиган қимматли вақтини беморлар қабулига, касбий билимларини оширишга ва оиласига бағишлаши мумкин.
Шунингдек, my.gov.uz порталида аввалги аттестация сертификатини текшириш ёки юклаб олиш учун ҳам алоҳида электрон хизмат мавжудлиги айни муддао. Бинобарин, қоғоз ҳужжатларни излаб, архив ёки тегишли ташкилотга мурожаат қилишга ҳожат йўқ.
Инсон қадри — давлат сиёсатининг энг олий устувор йўналиши...
Клиникадаги яна бир шифокор Зафар ака 17 йилдан буён давлат тиббиёт муассасасида ишлайди. Унинг фарзанди олий таълим муассасасида бакалавриат босқичида контракт асосида таҳсил олади.
Оиланинг асосий даромад манбаларидан бири шифокорнинг маоши бўлгани учун йиллик контракт тўлови улар учун сезиларли молиявий юк ҳисобланади.
Бундай вазиятда давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йиллик иш стажига эга ходимларнинг фарзандлари учун контракт тўловининг бир қисмини қоплаш механизми муҳим аҳамият касб этади.
Белгиланган талабларга жавоб берадиган ходимлар my.gov.uz порталидаги махсус хизмат орқали ариза топширишлари мумкин. Уларнинг фарзандларига йиллик контракт суммасининг 30 фоизигача миқдорда субсидия ажратилади.
Албатта, бу имтиёз автоматик тарзда берилмайди. Иш стажи билан бирга бошқа ижтимоий мезонлар ҳам инобатга олинади, аризалар танлов асосида кўриб чиқилади.
Бироқ узоқ йиллар давомида инсонлар саломатлиги йўлида меҳнат қилган ходимнинг оиласига ҳам ижтимоий кўмак кўрсатилаётгани ва бунинг учун ортиқча оворагарчиликларсиз онлайн хизматлар йўлга қўйилгани мамлакатимизда инсон қадри давлат сиёсатининг энг олий устувор йўналиши ва ислоҳотларнинг бош мезони эканлигининг яққол намунасидир.
Нафақат шифокор, балки беморлар қулайлиги ҳам муҳим...
Биламизки, поликлиникаларга ҳар куни имтиёзли даволанишга муҳтож беморлар ҳам мурожаат қилади. Айримлари махсус тиббий ордер асосида даволаниши лозим.
Бундай вазиятларда бемор ва унинг яқинлари учун йўлланма ҳолатини билиш муҳим. Илгари бу ҳақда маълумот олиш учун қайта-қайта мурожаат қилишга тўғри келган бўлса, энди my.gov.uz орқали тиббий ордер ҳолатини текшириш имконияти мавжуд.
Бу хизмат беморнинг ҳам, унинг даволаниш жараёнида иштирок этаётган тиббиёт ходимларининг ҳам вақтини тежашга хизмат қилади. Чунки тиббиётда вақт фақат қулайлик эмас. Баъзан у даволаш жараёнининг муҳим омили ҳамдир.
Шифокорлар ҳам касал бўлади...
Клиникадаги педиатр Шаҳноза опа кеча ўзини ёмон ҳис қилгани сабабли бугун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштирди. Тузалиб, ишга қайтганида эса электрон касаллик варақасини my.gov.uz орқали юклаб олиши мумкин.
Бу амалиёт нафақат беморлар, балки тиббиёт ходимларининг ўзлари учун ҳам қулай. Зеро, шифокор ҳам бошқалар каби бемор бўлиши, даволаниши ва ишга қайтиш жараёнида ортиқча ташкилий юмушларга дуч келмаслиги керак.
Бир қарашда буларнинг барчаси алоҳида электрон хизматлардек кўринади. Аммо уларни бирлаштириб турган муҳим жиҳат бор: давлат хизматларидан фойдаланишда инсон омилига боғлиқ ортиқча оворагарчиликларни камайтириш.
Юқоридаги ҳаётий мисоллар орқали my.gov.uz портали тиббиёт ходимларининг касбий ва ижтимоий масалаларини ҳал қилишдаги айрим бюрократик тўсиқларни қисқартираётганига гувоҳ бўлдик.
Албатта, аҳоли орасида электрон хизматлардан фойдаланиш маданиятини ошириш, клиникаларда интернет ва зарур техник имкониятларни таъминлаш, ходимларни рақамли саводхонликка ўргатиш ҳам муҳим.
Чунки рақамли трансформация фақат янги платформа яратиш билангина чекланмайди. Унинг ҳақиқий самараси одамлар ушбу имкониятлардан қанчалик фойдалана олиши билан ўлчанади.
Зеро, тиббиётда ҳар бир дақиқанинг ўз қиймати бор. Бемор учун шифокорнинг эътибори, шифокор учун эса вақт — энг муҳим ресурслардан бири.
my.gov.uz порталидаги рақамли хизматлар ана шу вақтни тежаш, тиббиёт ходимларининг меҳнатини қадрлаш ва соҳа фаолиятидаги маъмурий жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилмоқда.
Эъзоза Турғунова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter