Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

9 май хотиралари: Ўлим машиналарини тўхтатган ўзбек арслони

9 май хотиралари: Ўлим машиналарини тўхтатган ўзбек арслони

Ўша йили куз ўзгача келди... Дарахтлар заминга заъфарон пояндоз тўшаб, мунгли сукутга чўмган. Бу манзара урушдан қорахат олиб, сочини ёйганча фарёд чекаётган мусибатзада она қиёфасини ёдга соларди.

«Ҳамма нарса фронт учун!» деган оташин шиор қишлоқлардан нафақат егуликни, балки одамларни ҳам супуриб кетгандек эди. Кузнинг изғирин шамоли файзли қўрғонларнинг ҳузурини учириб, юракларга беамон оғриқ солди.

Шоназар отанинг кўксида неча кундирки бир тош бор. Нимадир аёвсиз сиқади, эркин нафас олишига йўл бермайди. Гўё илгарилари беқадр туюлган мусаффо ҳаво ҳам жанг майдонларига «сафарбар» қилингандек... Бу аччиқ азоб жисмидаги хасталикми ё жигарбандларининг фироқидан тилинган қалб жароҳатими — англолмайди. Оти ўчгур уруш бошланганидан бери отанинг кўзига уйқу инмай қолди. Тунлар узун, хаёллар эса ундан-да чексиз. Бир мижжа қоқса бўлди, қонли жанглар ва ўғилларининг сиймоси намоён бўлаверади.

Икки арслони — Ғани билан Тожи фронтда... Бири вазмин бўлса, бири — олов! Ғанижон ҳар бир гапини тарозига солиб гапирадиган, мулоҳазали йигит эди. Аммо Тожи... Тожининг томирида қон эмас, гўё олов оқарди! Йигирма ёшида «Селпо»дек масъулиятли ташкилотда таъминотчи бўлиб ишлаши унинг нақадар уддабуролигидан далолат эди. Феълидаги шижоат, онаси Фотима момога тортган «катта гаплилиги» унга алоҳида салобат берарди. Кузатиш чоғидаги ўша хитоби ҳалигача отанинг қулоғида жаранглайди:

— Отажон, онажон, хавотир олманглар! Шу немиснинг камида юзтасини ер тишлатмасам, қайтиб келмайман!

Фотима онанинг кўз ёшлари дув-дув тўкилар, «Ўзингни эҳтиёт қил, болам», деган илтижолари Тожининг жангга бўлган ташналиги олдида ожиз қоларди. Онаизорнинг юраги сезарди — бу шиддатли йигит ўзини аямай ажал домига отиши муқаррар эди.

Рўзғорда яна уч ўғил қолди. Қозоқ ва Нормурод оилали, Дўстмурод эса ҳали бўйдоқ. Шоназар ота ва Фотима она келинлар ва набиралар билан қолган бўлса, ўғиллар меҳнат фронтига — заводларга жалб қилинган. Ўтган ҳафта ўғли Қозоқ келиб кетди. Бечоранинг кўзлари киртайиб, бир аҳволга тушиб қолган экан. Уйдаги набираларнинг аҳволи ҳам бундан ортиқ эмас.

Рўзғорнинг баракаси фронтнинг беамон эҳтиёжларига совурилган, дастурхонларнинг файзи кетган. Ҳар гал таомдан сўнг Фотима она фотиҳага қўл очишдан аввал, дастурхон устига тушган энг кичик нон увоқларигача мисқоллаб, титроқ бармоқлари билан битталаб йиғиб олиб, кафтида йиғилган ўша нимта ушоқларни болажонларининг оғзига тутади.

Шу соатларда, ер шарининг нариги чеккасида — Германиянинг Эссен шаҳридаги серҳашам, мармар устунли ҳовлида бошқача манзара ҳукм сурарди. Куз офтобида товланган боғ ичида жажжи Ҳанс эркалик билан қушларга дон сочарди. Бу ерда урушнинг наҳанг оғзи, очликнинг заҳарли нафаси сезилмасди. Оқ ноннинг сара ушоқлари ерга сочилар, бу сийловларга ўрганиб қолган оқ кабутарлар эса эринибгина дон чўқирди. Гўё қушлар ҳам бу хонадондаги тўқчиликдан мудраб қолгандек эди. Кичик Ҳанс қушларнинг бу лоқайдлигидан ранжиб, қўлидаги катта-катта нон бўлакларини боғнинг ҳар томонига ирғита бошлади. У ўз сахийлиги билан кабутарларни жалб қилмоқчи бўлар, ноннинг ҳар бир бўлаги Шоназар отанинг набиралари бир ҳафта орзу қиладиган неъмат эканини хаёлига ҳам келтирмасди.

Ҳанснинг отаси — барон Отто Германиянинг Эссен шаҳридаги энг йирик фабрикалар соҳиби эди. Унинг заводларида ишлаб чиқарилаётган темир-терсаклар, ўқ-дорилар айни дамда Шоназар отанинг тинчини ўғирлаган, ўғилларини ажал домига тортган ўша машъум уруш машинасини ҳаракатга келтираётган тармоқлардан бири эди. Бир томонда увоққа зор бўлган кўзлар, иккинчи томонда эса ушоқларни ерга сочиб ўйнаётган эрка болакай... Ўшанда нацизм зулми чулғаган бу дунёнинг адолати худди шу ушоқлар каби сочилиб кетгандек эди.

Айни шу соатларда Вермахт қўшинларини чекинтириш учун «Днепр жанги»нинг ҳал қилувчи онлари бошланган эди. Ғанижонларнинг полки айнан ўша оловли нуқтада метин девордек турарди. Бир маҳал немис қўшинларининг навбатдаги ҳужуми бошланди. Осмон гўё иккига бўлингандек бўлди: боши устидан чексиз снарядлар ваҳшиёна увиллаб, ажал уруғларини соча бошлади. Ғанижоннинг ёнгинасида ерни титратган кучли портлаш содир бўлди. Дунё бир лаҳзага остин-устун бўлиб, атрофни қоп-қора тутун ва аччиқ порох ҳиди қоплади. Шу топда унинг хиралашаётган онгу шуурида онаси Фотима момонинг айтган гаплари жаранглади: «Болам, агар осмонда бирор юлдуз учса, демак, ерда кимдир омонатини топширган бўлади...»

Ғанижон оғриқдан юмилган кўзларини зўрға очиб, қон ва тутун орасидан самога тикилди. Осмонда эса юлдузлар эмас, снарядлар — одамзот яратган «сунъий юлдузлар» учмоқда эди. «Наҳотки буларнинг бари менинг юлдузларим бўлса? Наҳотки осмон мен учун шунча юлдузни қурбон қилса?» — деган ўй кечди унинг  хаёлидан.

Худди шу сонияларда, ғамдан қадди эгилиб анчадан буён кўксини кўтармаган Фотима она беихтиёр қаддини ростлаб, қоп-қора, сирли самога назар ташлади.Шу лаҳзада юксакликда бир юлдуз учди. У гўё тиғ билан тилинган жароҳатдек осмон бағрида узун, қонли из қолдириб, уфқ қаърига шўнғиди. Буни кўрган онанинг юраги шув этиб кетди, вужудига совуқ бир ваҳшат ўрмалади. Бу оддий табиат ҳодисаси эмас, балки жигарбандининг узилаётган жонидан совуқ бир пайғом эди...

Онанинг нигоҳи ҳамон ўша юлдуз йўқолган нуқтада қотиб қолган, вужудини эса қисматнинг беомон совуқлиги қамраб олаётган эди.

Барон Оттонинг шинам кабинетида бурқсиётган қимматбаҳо сигара тутуни унинг атрофида сохта бир ором пардасини яратгандек эди. Бироқ ушбу хира парда ортида яширинган нигоҳлар нақадар музлаган ва очкўз тус олган эди! У ҳар гал тутунни ичига симирганида, гўё фронтдаги минглаб инсонларнинг нафасини тортиб олаётгандек эди. Унинг кўзларида инсонийликдан асар ҳам қолмаган, фақатгина фюрернинг марҳамати ва янада каттароқ бойлик илинжидаги ҳисоб-китобларгина акс этарди. Унинг учун инсон ҳаёти шунчаки рақамлардан, уруш эса бойлик орттириш ва фюрернинг эътиборига тушиш учун бебаҳо имкониятдан иборат эди. Барон ўз муҳандислик даҳосини ва аждодларидан қолган улкан сармоясини янги ажал машиналарини яратишга сарфларкан, ичида машъум бир мамнуният туярди. Унинг столи устидаги чизмаларида акс этган янги совуқ қуроллар эртага  Фотима онанинг жигарбандлари сингари кимнингдир юлдузини ерга қулатишини хаёлига ҳам келтирмасди. Аждодларидан мерос қолган барон унвонини ва мартабасини сақлаб қолиш, ҳатто уни янада юксалтириш илинжида Отто виждонини аллақачон қурбон қилиб бўлган эди. Унинг назарида омад унга соябондек доим ҳамроҳ эди. Аммо билмасдики, у яратаётган ўша темир ажаллар занжири бир кун келиб ўз бошига ҳам фалокат бўлиб қайтиши мумкин.Бир томонда — фарзандининг жони учун Худога ёлвораётган, увоқ нонга зор бўлса-да қалби пок она, иккинчи томонда — ўзгаларнинг қони эвазига мартаба зиналаридан кўтарилаётган, олтин қадаҳда шароб ичаётган совуққон барон. Оттонинг кабинетидаги чироқлар нури тобора ялтироқ нур олаётган бўлса, Фотима онанинг осмонида  қоронғулик чукиб, юлдузлар тобора сўниб бораётгандек эди...

Онанинг кўз ўнгида сўнган ўша машъум юлдуз Ғанижоннинг фожиасидан дарак берган бўлса, унинг нурсизланиб қолган кўзларидаги бор ҳарорат ва сўнгги ёрқинлик гўёки кенжа арслони — Тожининг нигоҳларига кўчгандек эди...

Минск шаҳрини озод қилиш жангларида мислсиз жасорат кўрсатган Тожи энди уруш тақдирини ҳал қилувчи машҳур «Багратион» операциясини амалга оширувчи сараланган гуруҳ таркибига киритилди.  Тожининг довюраклиги нафақат сафдошларини, балки ҳар қандай одамга осонликча тан бермайдиган полк комиссарининг ҳам эътиборини тортди.

Ниҳоят ўша кун келди. Тожи бошчилигидаги сараланган довюрак аскарлар гуруҳи, тун қоронғулигини ниқоб қилиб, илк бор фашистлар уяси — Шарқий Пруссия тупроғига қадам қўйди. Бу шунчаки ҳарбий топшириқ эмас, балки миллионлаб мазлумларнинг қасос онлари эди. Уларнинг нишони — Неммерсдорф қишлоғи яқинидаги темир йўл станцияси: бу ерда фронтнинг қон томирларини қайта жонлантириши керак бўлган улкан қурол-яроғ захираси шай турарди. Айни шу дақиқаларда, Эссеннинг совуқ ва дим кабинетида барон Оттонинг нигоҳларида машъум бир тантана жилва қиларди. Унинг ҳомийлигида, энг сўнгги муҳандислик даҳоси билан яратилган «оламшумул қуроллар» — фюрернинг сўнгги умиди бўлган «қасос қуроллари» айнан ўша Неммерсдорфдаги вагонларга ортилган эди. Бароннинг чизмаларида ялтираб турган ўша темир ажаллар, энди тирик одамларни кулга айлантириш учун ўз соатини кутарди. Бироқ барон ўз ҳашамати ва совуқ ҳисоб-китоблари ичида бир ҳақиқатни англамасди: у яратган ажал машиналарининг рўпарасида Пастдарғомнинг жазирама офтобида тобланган, орият ва номусни жондан азиз билган Тожи ва унинг сафдошлари — иродаси пўлатдан қаттиқ жасур аскарлар турибди. Тожининг нигоҳида бароннинг кўзларидаги каби совуқ очкўзлик эмас, балки акаси Ғанижоннинг сўнган юлдузи учун, онаизорининг тунлар аро қилган фарёди учун қасос ўти ёнарди. Унинг учун рўпарасида тизилиб турган машъум вагонлар шунчаки темир-терсак ёки ҳарбий ўлжа эмасди. У бу машъум темир қафаслар ичида отаси Шоназар отанинг кўксини йиллардан бери тошдек босиб келаётган ўша номаълум юкни, Фотима момонинг юзига тарам-тарам бўлиб тушган, ҳар бири бир изтироб тарихи бўлган ажинларни ва урушнинг қонли чангалида вайрон бўлган минглаб қутлуғ қўрғонларнинг аччиқ фарёдини кўраётгандек эди. Тожи учун бу захирани кул қилиш — нафақат душманнинг қаддини синдириш, балки халқининг юрагига беамон қадалган тиғни суғуриб олиш, миллатнинг ярасига малҳам қўйиш билан баробар эди. Туннинг ваҳимали сукунатини парчалаб, Тожининг гуруҳи операцияни бошлади. Заминни титратиб юборган даҳшатли портлаш Неммерсдорф осмонини қонли шафаққа бўяди. Барон Оттонинг йиллар бадалида ишлаган режаси, фюрернинг сўнгги умиди бўлган ўлим сочувчи темир машиналарнинг кули бир лаҳзада кўкка совурилди.  Ўша оловли гирдоб ичида нафақат қуроллар, балки барон каби йиртқичларнинг очкўз орзулари ҳам ёниб битаётган эди.

Кейинчалик фронт тақдирини ўзгартириб юборган бу улкан ғалабанинг марказида оддийгина ўзбек йигити — Пастдарғом арслони Тожи Шоназаровнинг тенгсиз жасорати турарди. Аммо, афсуски, бу оловли жанг майдонидан Тожининг на ўзи, на жасади қайтди... У худди акаси Ғанижон каби, юлдузга айланиб, самоларга сингиб кетгандек эди. Шоназар ота ва Фотима онанинг бошига тушган мусибат тоғдан ҳам оғир эди. Бироқ тақдирнинг аччиқ ўйинини қарангки, «вафот этди» деган совуқ ҳукмдан кўра, «бедарак кетди» деган номаълумлик уларга тириклик учун сўнгги илинжни қолдирди. Бу хабар гўё фарзандининг ўлимига ишонгиси келмаган ота-она учун қолдирилган умид дарчаси эди. Фотима она узоқ йиллар давомида ҳар бир тонгни «Тожижон келармикан» деган умид билан кутиб олди. Ҳар гал эшик ғирчилласа, кўзларини тикилганча: «Онажон, мен келдим!» деган ўша қадрдон овозни эшитишни орзу қилиб яшади.

...Орадан олти ой ўтиб, қисматнинг беаёв чархпалаги барон Оттонинг Эссендаги ҳашаматли кошонасига ҳам етиб келди. Бир пайтлар сигара тутуни ичида очкўзлик билан чизмалар чизиб, ўзгалар ўлимидан бойлик тўплаган барон, энди ўзи ўша қонли ҳисоб-китобларнинг қурбонига айланди. Унинг кабинетига бостириб кирган совет аскарларининг қадамида нафақат Ғанижоннинг қасоси, балки миллионлаб мазлумларнинг ҳақи бор эди. Барон ўз иш столи устида, яратилган ажал машиналарининг чизмаларига қони томган ҳолда жон таслим қилди. Унинг сўнгги умиди бўлган яккаю ягона фарзанди — жажжи Ҳанс ҳам Британия ҳаво кучларининг бомбардимони остида ҳалок бўлди. Бароннинг кибри ва совуқ бойлиги билан қурилган дунёси худди сигара кулидек тўзиб кетди — ундан на ном, на зурриёт қолди.

 Йиллар ўтди. Жанг излари тупроққа сингди. Қон ҳиди ўрнини баҳор иси эгаллади. Уруш Шоназар отанинг икки арслонини — Ғани билан Тожини юлдузларга айлантириб олиб кетган бўлса-да, бу қутлуғ қўрғоннинг чироғи ўчмади. Қозоқ, Нормурод ва Дўстмуродлардан тарқалган беҳисоб фарзандлар, чексиз набиралар бугун заминни тўлдириб яшамоқда. Ҳар бир набиранинг ўтли нигоҳида Тожининг жасорати, ҳар бир ўғилнинг вазмин қадамида Ғанижоннинг мулоҳазаси қайта жонланади. Бугун ўша хонадонда туғилган ҳар бир чақалоқнинг илк қичқириғида, ҳар бир набиранинг бахтли кулгисида Ғани ва Тожининг омон қолган руҳи яшайди. Уруш юлдузларни сўндириши мумкин эди, аммо у она дуоси билан суғорилган ҳаёт ва жасорат занжирини узишга ожизлик қилди. Ғалаба — фақат қуролнинг эмас, балки меҳр ва пок зурриётнинг давомийлиги эди.

Ҳаёт карвони ўз йўлида давом этмоқда. Ғани ва Тожи ўзлари кўрмаган, бироқ ширин жонлари эвазига суғорилган мана шу нурафшон тонгдан бугун руҳлари шод. Улар — ёвузлик зулматини ёриб чиққан илоҳий меҳрнинг тимсоли, ор-номусини жонидан устун қўйган миллатнинг абадий зафаридир! Бу муқаддас тупроқнинг ҳар заррасида уларнинг нафаси бор. Улар биз билан, улар орамизда — мангу барҳаёт, мангу музаффар!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг