Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

5 миллиард сўмгача гаровсиз инвестиция: стартаплар учун янги имкониятлар эшиги очилди

5 миллиард сўмгача гаровсиз инвестиция: стартаплар учун янги имкониятлар эшиги очилди

Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳитини янада эркинлаштириш ва бизнес учун молиявий имкониятларни кенгайтиришга қаратилган янги чоралар белгиланди. Президентнинг 2026 йил 27 августдаги ПФ-175-сон Фармони билан тадбиркорлар учун текширувларга уч йиллик мораторий жорий этилишидан тортиб, стартапларни гаровсиз молиялаштириш, давлат улушини кейинчалик сотиб олиш имконияти ва инновацион лойиҳалар учун махсус синов муҳитини яратишгача бўлган қатор янги механизмлар назарда тутилди.

Фармон тадбиркорлар билан ўтказилган VI очиқ мулоқот давомида билдирилган таклиф ва мурожаатлар асосида ишлаб чиқилган. Ҳужжатда бизнесга ортиқча аралашувни камайтириш, тадбиркорлик субъектларининг харажатларини қисқартириш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Фармонда кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга мораторий эълон қилинган. Бу тадбиркорлар учун бизнес юритишдаги маъмурий босимни сезиларли камайтиришга қаратилган муҳим қадам.

Бироқ мораторий мутлақ эмас. Жиноят иши доирасидаги текширувлар, инсон саломатлигига таъсирни ўрганиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш, фуқаролар мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини қоплаш ёки қайтариш ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши билан боғлиқ текширувлар бундан мустасно.

ПФ-175 билан стартап экотизими учун янги молиявий ёндашув ҳам белгиланди. Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бирига 5 миллиард сўмгача маблағ инвестиция шаклида киритилиши мумкин.

Бу маблағнинг муҳим жиҳати шундаки, у уч йил муддатга фоизсиз ва гаровсиз берилади. Молиялаштириш келгусида корхона улушига алмаштириладиган қарз ёки халқаро стартап амалиётида кенг қўлланадиган SAFE механизми шаклида амалга оширилади.

SAFE механизми стартап учун оддий кредитдан фарқ қилади. Бунда тадбиркор анъанавий кредит каби ҳар ой фоиз тўлаш мажбуриятига тушмайди. Инвестиция кейинги босқичда компания капиталидаги улушга айлантирилиши мумкин.

Бу механизм айниқса инновацион ғояси бор, аммо банк кредити олиш учун етарли гарови ёки кредит тарихига эга бўлмаган стартаплар учун муҳим аҳамиятга эга. Янги механизмда стартап асосчилари учун яна бир муҳим кафолат белгиланган. Лойиҳага давлат томонидан киритиладиган улуш 49 фоиздан оширилмайди.

Бундан ташқари, таъсисчиларга давлат улушини кейинчалик бозор қийматида сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Демак, давлат инвестицияси стартап асосчисини компания устидан назоратни тўлиқ йўқотишга мажбур қилмайди. Лойиҳа муваффақиятли ривожланса, таъсисчилар давлат улушини қайта сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Бу жиҳат хусусий капитал ва давлат иштирокини бирлаштирган янги молиялаштириш модели сифатида қаралиши мумкин.

Яна бир муҳим янгилик инновацион маҳсулот ва технологияларни амалиётда синаб кўриш имконияти билан боғлиқ. Фармон доирасида электротехника, машинасозлик ва ускунасозлик, фармацевтика, кимё саноати, қурилиш материаллари, сув ва энергия тежовчи технологиялар, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар ҳамда аэрокосмос каби саккизта устувор йўналиш белгиланган.

Улар қаторига робототехника, машина кўриш технологиялари, автоном транспорт воситалари, дронлар, сунъий интеллект асосида суғориш тизимлари, батарея технологиялари, қайта тикланувчи энергетика, геоинформацион тизимлар ва масофадан зондлаш каби йўналишлар киритилган.

Махсус «Sandbox» режими эса янги технологияларни одатий тартиб-таомиллар доирасидан ташқарида, назорат қилинадиган шароитда синаб кўриш учун имконият яратади. Бу айниқса амалдаги қоидалар янги технологиянинг ўзига мос келмайдиган ҳолатларда стартаплар учун муҳим. Янги механизмнинг яна бир муҳим томони стартапларни фақат пул билан таъминлаш эмас, балки уларни бозорга олиб чиқишга кўмаклашишдир.

Фармонда вазирлик ва идораларнинг лойиҳаларни синовдан ўтказиш ҳамда уларга дастлабки буюртмаларни олишда кўмаклашиши назарда тутилган. Бу стартаплар учун жуда муҳим масала. Чунки янги маҳсулот яратган компания учун биринчи мижозни топиш кўпинча инвестиция жалб қилишнинг ўзи каби мураккаб жараён ҳисобланади. Давлат органлари томонидан маҳсулотни синовдан ўтказиш ва илк буюртмаларга чиқиш учун шароит яратилиши эса технологиянинг ғоядан реал бизнесга айланиш жараёнини тезлаштириши мумкин.

ПФ-175да 5 миллиард сўмлик молиявий қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари ҳам мавжуд. Масалан, кетма-кет икки йил давомида солиқ ва кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажарган, иш ўринларини сақлаган ва фаолиятини соф фойда билан якунлаган кичик ва ўрта бизнес субъектларига 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратиш механизми белгиланган. Бу маблағ асосий ставкага нисбатан икки фоиз паст ставкада берилиши назарда тутилган.

Шунингдек, тадбиркорлик лойиҳалари учун кредитлар, микрокредитлар, банк кафолатлари, аккредитивлар ва лизинг бўйича 75 фоизгача, аммо 10 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик тақдим этиш механизми ҳам жорий этилмоқда. Фармон тадбиркорларни давлат харидларида фаолроқ иштирок этишга рағбатлантирувчи механизмларни ҳам назарда тутади.

Хусусан, бир йил давомида камида бешта харид шартномасини тўлиқ ва ўз вақтида бажарган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига давлат харидларида шартнома бажарилиши ёки авансни қайтариш учун 2,5 миллиард сўмгача кафолат тақдим этилиши мумкин.

Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчи компанияларнинг йирик буюртмалар бозорига киришини енгиллаштириши мумкин.

ПФ-175 фақат стартаплар билан чекланмайди. Ҳужжатда туризм, экспорт, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва давлат харидлари соҳаларидаги тадбиркорлар учун ҳам қатор молиявий инструментлар белгиланган.

Масалан, экспортчи корхоналарга 3 миллион АҚШ доллари эквивалентигача бўлган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 35 фоизини қоплаш механизми белгиланган. Фойдаланилмаётган давлат бинолари ва бошқа активларни сотиб олаётган тадбиркорларга эса 15 миллиард сўмгача хизматлар ипотекаси тақдим этиш имконияти назарда тутилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик лойиҳаларига хусусий инвесторларни жалб қилиш мақсадида «Бизнес фонд» акциядорлик жамиятини ташкил этиш ҳам белгиланган. Ушбу механизм орқали маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг маблағларини тадбиркорлик лойиҳаларига йўналтириш кўзда тутилмоқда.

ПФ-175нинг мазмунига назар ташланса, ундаги чораларни учта асосий йўналишга ажратиш мумкин:

  • Биринчиси, бизнесга маъмурий босимни камайтириш. Уч йиллик текширувлар мораторийи шу мақсадга хизмат қилади.
  • Иккинчиси, молиявий ресурсларга кириш имкониятини кенгайтириш. Гаровсиз стартап инвестициялари, имтиёзли кредитлар, кафиллик ва бошқа молиявий инструментлар тадбиркор учун капитал топиш имкониятларини кўпайтиради.
  • Учинчиси, янги технологияларни бозорга олиб чиқиш. «Sandbox» режими, давлат органларининг синов ва илк буюртмаларда кўмаги ҳамда инновацион йўналишларга инвестиция киритиш механизми стартапнинг ғоядан маҳсулотга, маҳсулотдан эса реал бизнесга айланишини тезлаштиришга қаратилган.

Хулоса қилиб айтганда, ПФ-175 тадбиркор учун шунчаки имтиёзлар рўйхати эмас. У бизнесни текширишдан ҳимоя қилиш, молиялаштиришга киришни енгиллаштириш ва инновацион ғояларни бозорга олиб чиқишга қаратилган бир нечта механизмни бир тизимга бирлаштирмоқда. Айниқса стартаплар учун 5 миллиард сўмгача гаровсиз ва фоизсиз инвестиция, давлат улушининг 49 фоиздан ошмаслиги ва ушбу улушни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи янги имконият эшикларини очади.

Энг муҳими, энди инновацион лойиҳа учун фақат ғоянинг ўзи етарли бўлмайди. Унинг технологик янгилиги, бозордаги эҳтиёжи, бизнес модели ва амалиётда натижа кўрсата олиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу маънода ПФ-175 стартаплар учун нафақат маблағ, балки ўз ғоясини реал бизнесга айлантириш учун янги муҳит яратишга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг