“Бизни эслашмаяптими, демак, ҳаммаси жойида...” (видео)
Бугун биз масофалар деган тушунчани деярли унутдик. Ҳатто океан ортидаги яқинларимизнинг нафасини, қувончини, ҳатто кўз ёшларини биргина тугма орқали кўрамиз, ҳис қиламиз.
Хабарлар сониянинг мингдан бир бўлагида манзилга етади. Аммо бу чексиз имкониятлар шунчаки пайдо бўлмаган. Бугунги қулайлик ортида қанча машаққат, қанча инсонларнинг кўз нури ва қадоқ қўллари ётганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Рақамли ҳукумат маркази томонидан тақдим этилган “ПОЙДЕВОР” ҳужжатли фильмида айнан мана шу кўринмас кўприкларни қураётган соҳа фидойиларининг хотиралари ҳамда бугунги рақамли инфратузилмани ривожлантираётган мутахассисларнинг тажрибаси бир тарихда жамланган.
Соҳа фахрийларининг эслашларича, 80-90 йилларда алоқа тизимининг ярмидан кўпи эски аналог станциялардан иборат бўлган. Мобил алоқа деган нарса йўқ эди.
Ҳаким Муҳитдинов, соҳа фидойиси: “80-90-йилларда Тошкент шаҳри алоқа тизимининг 40-50 фоизи аналог, эски элементларда ташкил қилинган эди... 96-йилда Камчиқ ўтиш жойида қор жуда кўп ёғиб, пастдаги кабел узилган. Маҳаллий овчилардан илтимос қилиб, дизел-генераторга мойлар етказилан. Шунақа ҳолат бўлганки, битта олиб чиққанда 15 литр ёнилғи ва нон олиб чиқиб, ҳафталаб қолиб кетилган... Биринчи марта мустақил интернетни эса 64 килобит тезликда 93-йил апрелда Туркия орқали олганмиз.”
Ўша даврда телефон хизматлари ҳам ўзига хос воқеаларга бой бўлган.
Фароғат Жамолова, соҳа фидойиси: “Илгари маҳаллада битта-иккита одамда телефон бўларди... Коммутаторда ўтирган алоқачи буюртма оларди, кейин микрофон орқали: 'Россия, сизни Тюмен чақиряпти, тўртинчи кабинага киринг' деб чақириб беришарди. Илгари алоқа орқали ўлим хабари кўпроқ келарди. Телеграммани тарқатишнинг иложи бўлмаганда, 'тез ёрдам'га мурожаат қилардик, 'тез ёрдам' олиб бориб берарди хабарни. Алоқачиларнинг обрўси жуда ҳам яхши бўлган – 'Вой, связистлар келиб қолибди!' деб қарши олишарди.”
Бугунги кунда алоқа ва ахборот технологиялари кўринмас, лекин ҳар сонияда ишлаб турадиган улкан тизимга айланган.
Даврон Сабиров, Маълумотлар маркази муҳандислик инфратузилмасини бошқариш бўлими бошлиғи: “Алоқачиларда шунақа гап бор: бизни эслашмаяптими, демак, ҳаммаси жойида. Дата-марказимиз фаолиятини чорраҳаларда турган светофорларга қиёслаймиз. Светофорлардаги қисқа муддатга узилиш ҳам катта тирбандликлар ва хаосга олиб келади. Худди шундай, дата-марказни узилишсиз ишлаши малакали соҳа вакиллари зиммасидадир.”
Аҳоли учун қулайлик яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар бугун ҳар бир фуқаронинг ҳаётида сезилмоқда.
Темур Тўрақулов, Рақамли давлат хизматларини соддалаштириш ва оптималлаштириш бўлими бошлиғи: “Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) 2013 йил 1 июлда ишга туширилган бўлиб, дастлаб 30-40 та хизмат бор эди. Ҳозирги кунда эса мобил илова орқали 660 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда ва фойдаланувчилар сони 13 миллиондан ошди. Ёшга доир нафақа ва пенсиялар каби хизматлар проактив шаклда йўлга қўйилди. Бир отахон пенсиялар ҳеч қандай мурожааncиз тайинланганидан хурсанд бўлиб қўнғироқ қилиб миннатдорчилик билдиргани биз учун энг катта мукофотдир.”
“ПОЙДЕВОР” ҳужжатли фильмини тўлиқ томоша қилинг.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter