Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Брежневга қўзичоқ жўнатган чўпон аёл: Чўлда топилган «хазина»

Брежневга қўзичоқ жўнатган чўпон аёл: Чўлда топилган «хазина»

Чўл шароитини фақатгина ўша ерда яшаган инсонлар билади. Чўл — шунчаки табиат манзараси эмас, у бир олам синовлар, бир дунё сабоқлар макони. У ерда ҳаёт ҳам, вақт ҳам бошқача ўтади. Чўлда тирикчилик синов, яшаш эса жасорат, ҳар бир қатра сув қадрли, ҳар бир соябон хазина. Бунда бир кун жазирама имтиҳон қилса, бир кун совуқ танангизни титратади. Аммо айнан шу қарама-қаршиликлар инсонни тоблайди, уни чин маънода сабр ва матонатга ўргатади.

Ана шу даштлар бағрида камол топган, табиат билан юзма-юз, ҳаёт билан беллашиб яшайдиган фидойи инсонлар бор. Шундай қаҳрамонлардан бири — Нуробод туманида яшовчи чўпон аёл, меҳнаткаш инсон Раъно Хўшиевадир. Раъно опа билан суҳбат қуриш мақсадида туманнинг чекка ҳудудларидан бирига йўл олдик. Узоқ йўл, қум изларидан даштнинг сукутли кенгликлари орасида кетарканмиз, бу ерда яшовчи аҳолига осон эмаслигини яна бир бор ҳис қилдик. Ҳар қадамда табиатнинг қаттиққўл қонунлари, ҳар қарашда ҳаёт учун кураш аён. Бу ерда яшаш нафақат жасорат, балки ирода ва бағрикенглик талаб қилади.

Манзилга етиб келсак, чўпон опамиз тандирда нон ёпаётган экан. Самимий қарши олди.

— Хуш келибсизлар, марҳамат, иссиқ нондан татиб кўринглар, — деб, илиқ табассум билан қизариб пишган нондан тутқазди. Бутун атрофни ёқимли нон иси тутиб кетди. Иссиқ нондан тотиниб турган эдик, опамиз сал наридаги қайнаб турган қумғондан чой дамлашга киришди.

Қадимги қора қумғонга қараб, қизиқишимизни пайқаган опамиз табассум билан сўз бошлади: «Буни бизда «чойдиш» дейишади, унда қайнаган чойдан бир ичиб кўрингизлар, таъми умуман бошқача. Чойдишда сув доим қайноқ туради, буни табиий термос деса ҳам бўлади. Унинг сири эса, мана бу янтоқ ва қўй қийида. Иккаласини аралаштириб ўчоққа қаласангиз, чўғи бир неча соатгача сақланиб туради».

Ростдан ҳам, қумғон чойи ўзгача экан. Йўл чарчоғини зумда босди.

Телевизорга қараб, «ана, менинг қўзичоғим», дердим...

Чорва отарини айландик. Қўй ва қўзичоқларнинг териси нафис, бежирим, жудаям чиройли, ҳар бирида Раъно опанинг қўли, унинг меҳри, парвариши сезилади.

— Ҳар бир қўйга алоҳида меҳр билан қарайман. Ёшлигимдан қўзичоқларни жуда яхши кўраман. Отам ҳам чўпон эди. Болалигимда отаримизда ҳар бир туғилган қўзичоққа ўзимча исм қўярдим. Улар мен учун шунчалик қадрли эдики, ҳатто бир куни жуда ёқиб қолган бир қўзичоқни қоракўл теричиларга бермайман деб, отам билан қаттиқ тортишганим ҳам бор. Ўшанда отам «Қизим, сени қўзичоғингдан шахсан Брежневга телпак тикилади», деб менга таскин берган ва ўша қўзичоқни топшириб юборган эди. Чиндан ҳам ўша пайтларда, собиқ Иттифоқ давлат раҳбарларининг кўпчилиги айнан биз етиштирган қоракўл теридан тикилган телпакларни кийишарди. Шунинг учун ҳар сафар телевизорда Брежнев ёки бошқа раҳбарларни қоракўл телпакда кўрсам, «Ана, менинг қўзичоғим!» деб ғурур билан қарардим. Шу шу теварак атрофдаги кўпчилик мени «Брежневга қўзичоқ жўнатган қиз» дейдиган бўлди.

— Энди эса ҳаммаси ўзгарди. Янги туғилган қўзичоқлар теричиларга бериб юборилмайди, аксинча, уларни ўстиришга қолдирамиз. Бу ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан тўғри йўл. Қўйлар табиий йўл билан кўпайиб, отаримиз йил сайин кенгаймоқда, — деди опа.

Атрофда ем-хашак ва янтоқ ғарамлари пирамида шаклида тахланган экан. Янтоқни айни пайтда тикони қаттиқ бўлса-да, қишда очиқ майдонда қор-ёмғирда туриб юмшайди. Қишда қўйларнинг жонига оро кирадиган неъмат.

— Ҳозир чўпоннинг ғами ем-хашак йиғиш, қишга тайёргарликда. Бу йил баҳор синовли келди. Шу боис ем-хашакни қанча кўп захира қилиб қўйсак, қўйларимиз қишдан қийналмай чиқади, — деди опа хашак ғарамларини кўрсатиб.

Чўлда «хазина» топганман

— Менинг ҳам, хўжайинимнинг ҳам аждодимиз чўпонлар бўлган. Даштнинг ҳам ўзига хос ҳикмати, жонли ҳаёти бор. Сизларга сукунатдек туюладиган бу кенг қирликлар мен учун тирик бир олам. Қўй-қўзилар эса менинг азалий сирдошларим. Бу ерда қўй боқаман, овқат тайёрлайман, куни билан ҳаракатдаман — зерикишга умуман фурсат йўқ, — деб самимий сўзлайди чўпон опамиз.

Ростдан ҳам, баъзи илмий манбаларда қайд этилганидек, ҳайвонларни парваришлаш инсоннинг салбий аураси ва руҳий зўриқишини камайтиради. Бундай машғулот инсон қалбига осойишталик бахш этиб, уни руҳий сокинлик сари етаклайди. Шунингдек, инсон ўзи севган иш билан машғул бўлса, ҳаётдаги турли муаммо ва стресслардан тезроқ халос бўлиши мумкин экан. Хусусан, нафақа ёшида бўлса-да, опанинг шижоатли, тетик юриши ҳам айнан мана шу севимли машғулоти — чўпонлик билан боғлиқ экани шубҳасиз.

— Кўпчилик мендан: «Чўлда хазина топганмисиз? Аёл кишига чўпонлик қийинмасми?» — деб сўрайди. Йўқ, қийналмайман. Чунки бу ерда табиатнинг ўзи менга ҳамроҳ: ҳайвонлар, дов-дарахтлар — барчаси мен билан. Ростдан ҳам, буларнинг ўзи хазина эмасми? Мен одамлар орасида, атрофда юзлаб инсонлар бўла туриб, қалбан ёлғиз қолишдан кўпроқ қўрқаман. Шунча йил чўпонлик қилиб, олис даштда бўлсам-да, қўй-қўзилардан ортиб, фарзандларимнинг таълим-тарбияси билан шуғулландим. Тўғри, чўпон бўлиб, балки уларга дунё беролмадим, лекин тўғри тарбия бердим, энди ўзлари дунёни топди. Чўлда яшашимдан, чўпон эканимдан ҳеч афсусланмайман. Аксинча, фахрланаман. Бир аёл нимани орзу қилса, шуларга эришдим деб ўйлайман. Ҳозир фарзандларим ёнимга кирган, рўзғорни олган. «Она, энди дам олинг, санаторияларга боринг» дейишади. Лекин ҳеч бекор ўтира олмайман, — дейди Раъно опа.

Опанинг самимий сўзларида ифтихор билан тавозенинг уйғунлиги намоён бўлади. Унинг саботли ҳаёти — чўл бағрида яшаган, лекин эртанги кунга ишонган, меҳнатдан тийилмаган, оилага садоқат ва муҳаббат билан яшаган аёлнинг ёрқин тимсолида намоён бўлади.

— Биз чўпонларда болани қўй-қўзилар билан туғилгандан дўст тутинтириш одатимиз бор. Масалан, бола ҳали оғзида тиши чиқмасидан, уни сурувдаги энг бақувват, энг чиройи қўзичоқнинг устига миндириб олиш урфи бор. Бу бекорга эмас. Чунки халқимиз ишонади: шундай қилинса, боланинг тиши чиройли, соғлом чиқади, ўзи эса ризқли бўлади, баракали ҳаёт кечиради. Бола эсини танигандан бошлаб, унга қўрадаги ўзига ёққан қўйни кўрсатиб, «бу сеники», деймиз. Шундан бошлаб бола ўша қўйни ўзиники деб билиб, унга меҳр қўяди. Ўзи қарайди. Ана шундай меҳр билан улғайган бола чорвага, меҳнатга беғараз муҳаббат билан улғаяди.

Чўл қўйларининг гўшти нега жудаям тотли?

Чўпон уйи атрофида эътиборимизни тортган нарса тарвақайлаб, беғам ўсиб ётган исириқлар бўлди. Даштда улар роса кўп экан.

— Қўйларимизнинг гўшти ширин бўлишининг сири нимада, биласизми? — суҳбатимизга қўшилади Раъно опанинг турмуш ўртоғи Ўрол ака. — Қўйлар кунига шу исириқдан ва бошқа доривор ўтлардан ейди. Ризқини яйловдан, қирлардан териб ейди. Қўлдан ем берилмайди. Шунинг учун ҳам қўйларимизнинг гўшти нафақат ширин, балки шифобахш ҳам бўлади.

Раъно опа билан мароқли суҳбатимиз узоқ давом этди. Бу меҳнаткаш аёлнинг самимий сўзларида чуқур ҳаёт тажрибаси, феъл-атворида шижоат, дилида эса ҳаёт ҳақиқатлари, сабот ва бардошдан шаклланган бахт мужассам.

Ҳа, баъзан инсон бахтни йирик шаҳарлар, юксак лавозимлар ёки молу давлатда деб билган ҳолда, қўл остидаги оддий гўзалликларни англай олмайди. Аслида эса бахт — қаерда яшашингда ёки қандай касбда фаолият олиб боришингда эмас. Бахт — инсоннинг қалбидаги шукроналикда, ҳаётдан рози бўлишда, яқинида севимли инсонининг мавжудлигида, ўз касбига бўлган меҳру эътиборида мужассамдир. Раъно Хўшиева тимсолида биз айнан ана шундай ҳаёт фалсафасини кўрдик. У бахтни меҳнатда, ҳалолликда, ҳаловатда деб билади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг