Давлат харидларида қарийб 10 млрд сўмлик қонунбузилиш аниқланди
Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари давлат харидлари соҳасидаги мониторинг ва мурожаатларни ўрганиш натижасида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
«Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилгани, яъни энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар аниқланган.
Андижон вилояти Олтинкўл тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг 300 млн сўмлик давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Фарғона вилоятида «Фарғона туман йўллардан фойдаланиш» давлат муассасасининг 7 та хариди 2,5 млрд сўмдан зиёдни ташкил этган. Жиззах вилоятидаги Зарбдор тумани 2-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 2 та хариди қиймати эса 1,4 млрд сўмдан ошган.
Наманган вилоятида Чуст туман тиббиёт бирлашмасининг қарийб 1,8 млрд сўмлик харидлари ўрганилган. Навоий вилоятида Хатирчи давлат ўрмон хўжалигининг 7 та хариди қарийб 1,7 млрд сўмни ташкил этган.
Самарқанд вилоятида «Ўзйўлкўприк кластери» филиалининг 1,7 млрд сўмлик ва «Озодлик» давлат муассасасининг 410 млн сўмлик харидларида ҳам қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари махсус комиссиялари томонидан буюртмачи ташкилотларга нисбатан қонун талаблари бузилиши аломатлари бўйича ишлар қўзғатилди. Уларни кўриб чиқиш натижасида белгиланган тартибда тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Қонунбузилишларни бартараф этиш, айрим ҳолатларда молиявий жарима қўллаш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун материалларни тегишли органларга юбориш чоралари кўрилди. Шунингдек, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter