Эрон АҚШ билан музокаралар учун ўз шартларини айтди
Эрон АҚШ билан музокараларнинг иккинчи босқичига ўтишдан олдин Вашингтон «ишончни тиклашга қаратилган беш шарт»ни бажариши лозимлигини билдирди. Бу ҳақда Fars агентлиги хабардор манбага таяниб хабар қилди.
Нашр маълумотига кўра, айнан шу талаблар Теҳрон томонидан Вашингтонга АҚШнинг 14 банддан иборат тинчлик режасига жавоб сифатида юборилган.
Fars манбасига кўра, Эрон қуйидаги шартлар бажарилмас экан, АҚШ билан янги музокара босқичини бошламайди:
- барча фронтларда, жумладан Ливанда урушни тўхтатиш;
- Эронга қарши санкцияларни бекор қилиш;
- музлатилган эрон активларини очиш;
- уруш натижасида етказилган зарар учун компенсация тўлаш;
- Ҳўрмуз бўғози устидан Эрон суверенитетини тан олиш.
Манбанинг таъкидлашича, ушбу талаблар томонлар ўртасида «минимал ишонч муҳитини шакллантириш» учун зарур деб ҳисобланмоқда.
Fars’нинг ёзишича, Эрон покистонлик воситачилар орқали ҳамон денгиз блокадаси сақланиб қолаётгани Теҳронда Вашингтонга нисбатан ишончсизликни янада кучайтирганини етказган.
Шунингдек, Эрон АҚШнинг 14 бандли таклифини «тўлиқ бир томонлама» деб баҳолаб, у мамлакат манфаатларига жавоб бермаслигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, апрел ойидан бери АҚШ ва Эрон ўртасида сулҳ амал қилиб келмоқда. Томонлар можарони ҳал қилиш бўйича ўзаро таклифлар алмашган бўлса-да, музокаралар ҳозирча босим нуқтасига келиб қолган.
10 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳроннинг тинчлик режасини «қабул қилиб бўлмайдиган» ҳужжат деб атаган эди.
Axios нашри манбалари эса Трамп маслаҳатчилари билан ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш эҳтимолини муҳокама қилиши мумкинлигини хабар қилган.
Эрон томони эса янги ҳужумлар бошланса, уранни 90 фоизгача бойитишга ўтишини истисно қилмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter