Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғонада 2027 йил якунигача 300 млн долларлик 50 та лойиҳа ишга туширилади

Фарғонада 2027 йил якунигача 300 млн долларлик 50 та лойиҳа ишга туширилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Фарғона вилоятида ўтказилган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев инвестицияларни жалб қилиш ва улар самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.

Қайд этилишича, вилоятдаги 1 минг 77 гектар экин ерлари саноат зоналари учун ажратилган. Энди туман ҳокимлари ҳар бир гектар ердан йилига камида 50 миллиард сўмлик маҳсулот олишни таъминлаши шарт.

Шунингдек, саноат зоналарида умумий қиймати 5 миллиард долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди. Бешариқ туманидаги Андархон маҳалласида 7 гектар майдонда эркин савдо зонаси ташкил этилиши белгиланди.

Қўқонда 11 гектар майдонда жойлашган механика заводи атиги 20 фоиз қувватда ишлаётгани танқид қилинди. Ушбу ҳудудда 70 миллион долларлик йирик савдо комплекси барпо этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

«Тарихий обидалар ва бетакрор табиатни ўзида жамлаган Фарғонада хорижий туристлар оқимини яна 2-3 карра оширса бўлади», – деди Президент.

Шу мақсадда Қўқон ва Марғилонни зиёрат туризмига, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларини тиббий ва экотуризмга ихтисослаштириш режалаштирилмоқда.

Таъкидланишича, Қува туманидаги «Каркидон» сув омбори атрофида туризм инфратузилмаси ривожлантирилиб, хавфсизликни таъминлаш учун фавқулодда вазиятлар маркази ишга туширилди. Шу каби яна 25 та сув омборини босқичма-босқич туристик масканларга айлантириш режа қилинган.

Марғилонда «Бурҳониддин Марғиноний» илмий-маърифий ва туризм мажмуаси очилиши ҳудуднинг маданий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Фарғона туманида «Шоҳимардон – Ёрдон» халқаро курорт зонаси, «Водил» агротуризм кластери ва бошқа мажмуалар барпо этилмоқда. Барча имкониятлардан унумли фойдаланиб, 2027 йил якунига қадар 300 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг