Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Google энди светофор қидиртирмайди: янги QR-кодли reCAPTCHA ҳақида эшитдингизми?

Google энди светофор қидиртирмайди: янги QR-кодли reCAPTCHA ҳақида эшитдингизми?

Интернет фойдаланувчилари йиллар давомида бир нарсадан чарчаган эди:

“Расмдаги автобусларни белгиланг” ёки “светофорларни топинг.”

Сизнинг ҳам бундай ишлардан фиғонингиз фалакка чиққани аниқ! Ажойиб янгилик, эндиликда Google машҳур reCAPTCHA тизимидан аста-секин воз кечмоқда. Унинг ўрнига эса янгича анча мураккаб технология — QR-код орқали инсон эканингизни осонгина тасдиқлаб беради.

Хорижий технологик манбалар, жумладан Android Authority, Cybernews ва Reddit фойдаланувчилари бу тизим ортида оддий қулайлик эмас, балки интернет хавфсизлигининг янги даври бошланаётганини таъкидлашмоқда.

2026 йил апрел ойида Google янги хавфсизлик тизими — Google Cloud Fraud Defenseни расман тақдим этди. Тизимнинг асосий мақсади — сунъий интеллект ёрдамида ишлаётган замонавий ботларни тўхтатиш. Чунки бугунги AI-ботлар оддий CAPTCHA тестларини одамдан ҳам тезроқ еча бошлашди.

Авваллари фойдаланувчилар бир нечта расмни танлашарди. Энди эса жараён бутунлай бошқача ишлайди:

  • Сайтга кирасиз;
  • Google сизнинг ҳаракатларингизни таҳлил қилади;
  • Агар тизим сизни “шубҳали” деб топса экранда QR-код чиқади;
  • Телефон орқали кодни сканер қиласиз;
  • Шундагина Google қурилмангиз ҳақиқий эканини тасдиқлайди.

Яъни, энди Google учун сичқончани қандай босганингиз эмас, балки телефонингиз қанчалик ишончли экани муҳим бўлиб қолмоқда.

Технологик экспертлар буни интернетдаги янги давр — “Agentic Web”нинг бошланиши деб аташмоқда. Бу энди  интернетда одамлар эмас, AI-агентлар ҳаракат қилади деганидир.

Бугун сунъий интеллект сайтга кира олади, форма тўлдира олади, харид қила олади, ҳатто одамлар номидан ҳаракат қилиши ҳам мумкин.

Шу туфайли Google энди “сиз роботмисиз?” эмас, балки "қурилмангизга ишониш мумкинми?” деган саволга ўтмоқда.

Googleсиз интернет ишламай қоладими? Янги тизим энг кўп танқид қилинаётган нуқта ҳам айнан шу. Сабаби QR-верификация ишлаши учун аксар ҳолларда телефонда Google Play Services бўлиши шарт.

Бу эса қуйидаги фойдаланувчилар учун муаммо туғдириши мумкин:

  • Махфийликка урғу берувчи Android тизимлари, жумладан, GrapheneOS, CalyxOS;
  • Google сервисларисиз ишлайдиган телефонлар;
  • Хитой бозори учун чиқарилган айрим смартфонлар.

Cybersecurity нашрларига кўра, бундай фойдаланувчилар айрим сайт ва сервисларга кира олмай қолиши мумкин.

Айрим танқидчилар эса бу ҳолатни “интернетга кириш учун Googledan рухсат олиш даври бошланмоқда”, дея баҳолашмоқда.

Экспертларнинг фикрича, QR орқали тасдиқлаш телефон идентификацияси, қурилма ҳолати, браузер фаолияти, фойдаланувчиларнинг ҳаракатлари каби маълумотларни янада чуқурроқ йиғишга ёрдам бериши мумкин.  Махфийлик тарафдорлари эса буни “reCAPTCHAdan ҳам кучлироқ tracking тизими” деб аташмоқда.

Тасаввур қилинг телефонингиз йўқ, камерангиз ишламаяпти ёки батарея тугаган. Бундай ҳолатда айрим сайтлар сизни инсон эканингизни тасдиқлай олмайди. Натижада эса аккаунтга кира олмайсиз, хизматлардан фойдалана олмайсиз, ҳатто оддий сайт ҳам блокланиши мумкин. Бу эса очиқ интернет концепциясига қарши ҳолат сифатида баҳоланмоқда.

Бир томондан ботлар камаяди, фирибгарлик пасаяди, хавфсизлик ошади. Бошқа томондан эса Google экотизимига қарамлик кучаяди.

Бугунги интернет аста-секин ҳар ким кира оладиган очиқ майдон эмас, балки тасдиқланган қурилмалар ҳудудига айланиб бормоқда. Энг қизиғи — кўпчилик бунга қулайлик учун ўзи розилик бермоқда. Хўш, сиз бу борада қандай фикрдасиз? Бу қулайликми ё қарамлик?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг