Humans иловасида рухсатсиз пул ечиб олинган. Ҳолатга расмий муносабат билдирилди
Ижтимоий тармоқларда Humans иловасига бириктирилган банк карталаридан фойдаланувчиларнинг рухсатисиз пуллар ечиб олингани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, «Humans companies» АЖ ва «Octagram» АЖ ташкилотлари ўртасида 2025 йил 10 апрелда 32-сонли шартнома имзоланган бўлиб, унга мувофиқ, Humans агент сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўлов ва P2P пул ўтказмалари) етказиб беришни бошлаган.
Кеча, 8 декабр куни соат 08:30 атрофида эса Марказий банкка фуқаролар томонидан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар келиб тушган. Ушбу ҳолат юзасидан Марказий банк ўз ваколатлари доирасида «Octagram» АЖ (Paylov – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликларни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган.
9 декабр ҳолатига кўра, Humans мобил иловаси орқали «Octagram» АЖ (Paylov – савдо белгиси) томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Марказий банк, ўз навбатида, Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва ўтказмалар одатий тартибда ишлаётгани ва карталардан бошқа банк ҳамда тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолганини маълум қилди.
«Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда.
Текширув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилади.
Юқоридаги ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда мурожаат қилишингиз мумкин», – дейилади расмий ахборотда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter