Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ишдан кетиш – 2 минг доллар: Кореядаги ўзбеклар шартномасидаги баҳсли банд

Ишдан кетиш – 2 минг доллар: Кореядаги ўзбеклар шартномасидаги баҳсли банд

Жанубий Кореянинг Улсан шаҳрида ишлаётган айрим ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари иш жойини рухсатсиз алмаштирган тақдирда ҳар ой 2000 доллар жарима тўлаши белгиланган ҳужжатларни имзолагани айтилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу шартлар мажбурий меҳнат аломатларига эга эканини таъкидлаяпти.

Жанубий Кореянинг Улсан шаҳридаги кемасозлик корхоналарига ишга жалб қилинган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан тузилган келишувда иш жойини рухсатсиз ўзгартирганлик учун ҳар ой 2000 доллар жарима белгилангани баҳсларга сабаб бўлди.

Маълум қилинишича, ўзбекистонлик ишчилар Кореяга Е-9 меҳнат визаси асосида келган ва маҳаллий бандлик агентлиги билан шартнома имзолаган. Ҳужжатларда иш жойини Ўзбекистоннинг Кореядаги меҳнат агентлиги ёзма розилигисиз ўзгартирган ишчига ойига 2000 доллар жарима солиниши қайд этилган.

Шунингдек, жарима Кореяда ноқонуний қолиш ёки иш берувчининг қонуний талабларига риоя қилмаслик ҳолатларида ҳам қўлланиши мумкинлиги кўрсатилган.

Меҳнат муҳожирларининг айримлари мазкур талаб амалда уларнинг бошқа корхонага ўтишига тўсқинлик қилаётганини билдирган.

Ўзбекистонлик ишчилар Улсан шаҳридаги кемасозлик корхоналарининг ишчи кучига бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида ташкил этилган махсус лойиҳа доирасида Кореяга жалб қилинган.

Улар Фарғона вилоятида ташкил этилган «Улсан глобал кадрлар тайёрлаш маркази»да уч ой давомида корейс тили ва кемасозлик технологиялари бўйича ўқитилган. Лойиҳага Улсан шаҳри ҳокимлиги қарийб бир миллиард вон ажратган, Hyundai Heavy Industries эса ўқув ускуналари ва мутахассислар билан таъминлаган. Дастур доирасида Кореяга тахминан 380 нафар ишчи борган.

Ўзбекистонлик ишчилардан бирининг айтишича, Hyundai Heavy Industries субпудрат корхонасидан бўшатилган таниши бошқа иш топганига қарамай, ундан 6000 доллар жарима талаб қилинган. Унинг таъкидлашича, ишчилар иш ҳажми камайиши, соғлиги ёмонлашиши ёки иш берувчи томонидан бўшатилишига қарамай, иш жойини эркин ўзгартира олмаяпти.

Масала 26 ёшли ўзбекистонлик ишчининг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлишидан кейин янада кескинлашган. Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, у меҳнат шароити хавфли экани ва маош пастлиги сабаб бошқа корхонага ўтишни истаган, аммо жарима тўлаш хавфи туфайли бунга эриша олмаган.

Жанубий Кореядаги айрим ҳуқуқшунослар 2000 долларлик жарима меҳнат муҳожирларининг иқтисодий жиҳатдан заиф ҳолатидан фойдаланиш ва уларнинг иш жойини ўзгартириш эркинлигини чеклаш воситаси бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Адвокат Чхве Чон Гю мазкур амалиётни мажбурий меҳнат ва одам савдоси аломатларига ўхшатган. Унинг фикрича, иқтисодий жазо орқали ишчини муайян корхонада қолишга мажбурлаш халқаро меҳнат стандартларига зид бўлиши мумкин.

Расмийлар нима демоқда?

Ўзбекистоннинг Кореядаги меҳнат агентлиги вакили жарима барча ишчиларга бир хил тарзда қўлланмаслигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, корхона фаолияти тўхтаса, ишчи жиддий касалликка чалинса ёки ишни давом эттиришга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатлар юзага келса, иш жойини ўзгартиришга рухсат берилиши мумкин.

Улсан шаҳар маъмурияти ва Корея Меҳнат вазирлиги вакиллари эса шартнома Ўзбекистон ҳудудида тузилгани сабаб унинг шартларига бевосита аралашиш ваколати чекланганини маълум қилган.

HD Hyundai Heavy Industries компанияси ҳам меморандумни тайёрлаш, имзолатиш ёки жарима белгилаш жараёнида иштирок этмаганини таъкидлаган. Компания бу масала Ўзбекистоннинг хориждаги меҳнат муҳожирларини бошқариш тизими билан боғлиқ эканини билдирган.

Ҳозирча жарималарнинг қонунийлиги ва улар ишчиларга қай даражада қўлланаётгани юзасидан якуний ҳуқуқий хулоса берилмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг