Исроил ТИВ раҳбари Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас билан алоқаларни узди
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билан барча алоқаларни тўхтатганини маълум қилди. У 18 июн куни X ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида бу қарорини Калласнинг матбуотда пайдо бўлган ва гўёки Исроилни апартеид (Жанубий Африкада 1948–1994 йиллар оралиғида амал қилган ирқий камситиш сиёсати — таҳр.) давридаги Жанубий Африка Республикаси билан таққослаган баёноти билан изоҳлади.
«Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили бир мунча вақтдан буён Исроил давлатига нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиб келмоқда. Яқинда унинг Мексикага ташрифи чоғида Исроилни Жанубий Африкадаги ирқий ажратиш режими билан таққослагани маълум бўлди», — деди Саар.
Унинг таъкидлашича, Каллас ушбу баёнотни рад этмагунича ёки ундан воз кечмагунича, Исроил у билан алоқаларни тикламайди.
Европанинг «Euractiv» нашри 12 июн куни аноним амалдорлар ва дипломатлар маълумотларига таяниб хабар беришича, Каллас ўтган ой Мексика ҳукумати вакиллари билан учрашувлар чоғида Исроилнинг Ғарбий соҳил ва Ғазо секторидаги фаластинликларга нисбатан сиёсатини 1948–1994 йилларда Жанубий Африкада амал қилган апартеид сиёсати билан таққослаган.
Гидеон Саарнинг баёнотига жавобан Кая Каллас Европа Иттифоқи Исроил билан конструктив муносабатларни сақлаб қолишни исташини билдирди.
«Мен мулоқот ва ҳамкорлигимизни қадрлайман ҳамда уни ўзаро ҳурмат ва конструктив руҳда давом эттиришга тайёрман. Айниқса келишмовчиликлар юзага келганда, мулоқот дипломатиянинг асосидир», — деб ёзди у X тармоғида.
Шу билан бирга, Каллас Европа Иттифоқининг позициясига кўра, Фаластин ва Исроил учун икки давлатли ечим Яқин Шарқда тинчликка эришишнинг ягона йўли бўлиб қолаётганини эслатди.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Саар яна муносабат билдириб, Каллас ўз баёнотида апартеид ҳақидаги сўзларни на рад этгани, на қоралаганини таъкидлади.
«Менга маълум бўлишича, сизга нисбат берилаётган апартеид ҳақидаги баёнотлар Европа Иттифоқининг расмий позициясини акс эттирмайди», — деб ёзди Исроил ТИВ раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, масалага аниқлик киритилмагунча, Исроилнинг Каллас билан алоқаларни тўхтатиш ҳақидаги қарори ўз кучида қолади.
Айни пайтда Германия канцлери Фридрих Мерц Исроилни апартеид давридаги Жанубий Африка билан таққослашни қатъиян рад этди.
«Мен бундай сўз танловига мутлақо қўшилмайман ва бу масалани батафсил муҳокама қилишимиз керак бўлади», — деди у Брюсселдаги Европа Иттифоқи саммитига келганида.
DPA агентлигининг хабар беришича, Европа Иттифоқи етакчилари ушбу масалани саммит доирасида муҳокама қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter