Исроил халқаро майдонда ўз имижини яхшилаш йўлини топди
Исроил ҳукумати 2026 йилда дунё бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари учун 725 миллион доллар (2,35 миллиард шекел) миқдорида маблағ сарфлайди. The Jerusalem Post газетаси ёзишича, мамлакат молия вазири Бецалел Смотрич ва ташқи ишлар вазири Гидеон Саар бюджет лойиҳаси бўйича муросага эришган.
Умуман, Исроил давлатининг келгуси йилдаги ялпи бюджети 204 миллиард долларни ташкил этади. Бундан 34,6 миллиард доллари мудофаа мақсадларига йўналтирилади.
TRT нашри Тел-Авив маъмурияти 2026 йилда пропаганда лойиҳалари учун маблағни 20 бараварга оширганига эътибор қаратган.
Гап шундаки, Ғазо секторидаги икки йиллик урушда минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани, бўлга бутунлай вайрон этилгани ортидан Исроил нафақат мусулмон дунёси, балки Ғарб оламида ҳам обрў-эътиборини бой берди.
Янги режага кўра, Исроил ташқи ишлар вазирлиги мамлакат имижини дунё аҳли кўз ўнгида яхшилаш мақсадида ижтимоий тармоқларда пропаганда кампаниясини олиб боради.
Аввалроқ “The New York Times” газетаси Исроил давлатининг диаспора масалалари бўйича вазирлиги АҚШ қонун чиқарувчилари ва жамоатчилиги орасида пропаганда кампаниясини ўтказиш учун 2 миллион доллар ажратгани ҳақда хабар берганди.
Вазирлик сиёсий тарғибот учун Stoic фирмасини ёллаган. Ушбу кампания доирасида Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида олиб бораётган уруш юзасидан АҚШ жамоатчилигининг хайрихоҳлигини кучайтириш мақсад қилинган.
Шу мақсадда X, Facebook, Instagram каби ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар очиш ва Тел-Авивнинг Ғазодаги ҳаракатларини дастакловчи, Вашингтоннинг Тел-Авивга ҳарбий кўмагини кучайтиришга тарғиб этувчи постлар чоп этиш кўзда тутилган. Матбуот хабарига кўра, Stoic фирмаси сохта янгиликлар сайтларини ҳам яратган.
Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин, икки йил давомида камида 70365 нафар фаластинлик ўлдирилди. 2025 йил 10 октябр кунги оташкесим битимидан кейин ҳам Исроил ҳужуми оқибатида 376 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Исроил томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар “XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган” деган хулосага келган.
Жорий йил сентябр ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.
Исроилнинг амалдаги ҳукумати олиб бораётган жанговар сиёсат ва хунрезлик амалиётлари ҳатто яҳудийлар томонидан ҳам танқид қилинмоқда. Бир неча ой аввал Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти – B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айблаган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter