Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Июн ойи қайси маҳсулотлар арзонлади ва нималар қимматлади?

Июн ойи қайси маҳсулотлар арзонлади ва нималар қимматлади?

2026 йил июн ойида сабзи йиллик ҳисобда энг кўп арзонлаган озиқ-овқат маҳсулоти бўлиб, унинг нархи 25 фоизга пасайди. Кейинги ўринларда саримсоқ — 24,6 фоиз, тарвуз — 20,8 фоиз, бақлажон — 19,7 фоиз ва пиёз — 19,3 фоизга арзонлади.

Шу билан бирга, бодринг нархи 53,8 фоизга ошиб, энг юқори ўсиш қайд этилди. Лимон 34,6 фоизга, карам 24 фоизга, қўй гўшти 23,1 фоизга ва олма 21,4 фоизга қимматлашди.

Истеъмол нархлари индекси саватига киритилган 167 турдаги озиқ-овқат маҳсулотининг 150 тасида, яъни қарийб 90 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида йирик ошхона жиҳозлари 2,7 фоизга арзонлаб, энг катта пасайишни қайд этди. Овқат тайёрлаш учун кичик жиҳозлар 2,1 фоизга, кастрюллар 2 фоизга, ичимлик тайёрлаш жиҳозлари 1,9 фоизга ва кичик маиший техника 1,6 фоизга арзонлади.

Энг катта қимматлашув пропан газида кузатилиб, унинг нархи йиллик ҳисобда 41,1 фоизга ошди. Никоҳ узуклари 23,1 фоизга, газеталар 17,5 фоизга, цемент 12,6 фоизга ва метан 10,1 фоизга қимматлашди.

Истеъмол нархлари индекси саватига киритилган 252 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотининг 232 тасида, яъни 92 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан ошмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг