Июн ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
2026 йил июн ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) ойлик ҳисобда 100,6 фоизни ташкил этди. Йиллик инфляция 6,4 фоизга етган бўлса, нархлар ўсишига электр энергияси, табиий газ ва кўмир тарифларининг оширилиши асосий таъсир кўрсатди.
Миллий статистика қўмитасига кўра, 2026 йил июн ойида истеъмол нархлари индекси май ойига нисбатан 100,6 фоизни, 2025 йил декабрига нисбатан 103,3 фоизни, ўтган йилнинг июн ойига нисбатан эса 106,4 фоизни ташкил этди.
Мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари таъсирини ҳисобга олмаганда, ойлик инфляция 1,5 фоиз, ярим йиллик инфляция 4,2 фоиз, йиллик инфляция эса 6,9 фоиз бўлди.
Ҳудудлар кесимида
Июн ойида нархлар энг кўп қуйидаги ҳудудларда ошди:
Хоразм вилояти – 101,0 фоиз;
Фарғона вилояти – 100,9 фоиз;
Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари – 100,7 фоиз;
Энг паст ойлик инфляция эса:
Сирдарё вилояти – 100,3 фоиз;
Тошкент шаҳри – 100,4 фоиз;
Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида – 100,5 фоизни ташкил этди.
Йиллик ҳисобда инфляция энг юқори Самарқанд вилоятида (106,8 фоиз), ундан кейин Қашқадарё (106,7 фоиз) ва Андижон (106,6 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Нархлар ўзгариши
Июн ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан гуруч 2,3 фоиз, гречка ва пастеризацияланган сут 1,2 фоиз, шакар, қўй ва мол гўшти 1 фоиз, тухум 0,8 фоизга қимматлашди.
Мавсумий омиллар таъсирида айрим мева-сабзавотлар нархи сезиларли арзонлашди. Жумладан, бақлажон 46,6 фоиз, помидор 38,3 фоиз, тарвуз 26,3 фоиз, бодринг 25 фоиз ва узум 18,7 фоизга арзонлади. Аксинча, сабзи 6,5 фоиз ва пиёз 3,6 фоизга қимматлашди.
Тарифлар инфляцияни тезлаштирди
Июн ойидан бошлаб электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари кучга кирди. Республика бўйича ўртача электр энергияси нархи 9,6 фоиз, табиий газ 10,7 фоизга ошди.
Шунингдек, аҳолига тартибга солинадиган нархда сотилган кўмир нархининг 2,1 баробар оширилиши ойлик инфляцияга 0,48 фоиз банд ҳисса қўшди.
Транспорт
Ой давомида AI-92 маркали бензин нархи 3,6 фоиз, AI-95 – 6 фоиз, пропан 11,3 фоиз ва метан 8,8 фоизга қимматлашди. Такси хизматлари нархи 1,3 фоизга ошган бўлса, темир йўл чипталари 0,3 фоиз, авиақатновлар эса 0,6 фоизга арзонлашди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter