Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жиззахда 23 ёшли она туғуруқдан сўнг вафот этди

Жиззахда 23 ёшли она туғуруқдан сўнг вафот этди

Фото: Xabar.uz

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ёш келиннинг вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий маълумот берди.

Вазирликка кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган «шифокор хатоси туфайли келин вафот этгани» ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув ўтказилмоқда.

Маълум қилинишича, 2002 йилда туғилган фуқаро М.Ж. 2026 йил 30 апрель куни Ғаллаорол туманлараро перинатал марказига туғуруқ учун қабул қилинган. 1 май куни у соғлом қиз фарзандни дунёга келтирган.

Шифокорлар маълумотига кўра, туғуруқдан кейин она ва бола доимий кузатувда бўлган ҳамда 4 май куни аҳволи қониқарли деб топилиб, уйига жавоб берилган.

Билдирилишича, фуқаро уйига қайтгач, интернетдаги маълумотларга асосланиб, шифокор тавсиясисиз она сутини кўпайтирувчи дори воситасини қабул қилган. Шундан кейин унда аллергик реакция кузатилган.

6 май куни у Ғаллаорол туман марказий шифохонасига олиб келинган ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган. Шифокорлар беморни стационарда даволаш зарурлигини айтган, аммо яқинлари уни уйига олиб кетгани маълум қилинди.

Орадан бир неча соат ўтиб, беморнинг аҳволи яна оғирлашган ва у қайта шифохонага олиб келинган. Реанимация чораларига қарамасдан, 6 май куни соат 15:30 да бемор вафот этган.

Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Айни пайтда Ғаллаорол туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг