Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Литва ТИВ раҳбари: Россия ЕИга қарши ҳужумларни кучайтириши мумкин

Литва ТИВ раҳбари: Россия ЕИга қарши ҳужумларни кучайтириши мумкин

Россия Европа Иттифоқи давлатларига қарши ҳужумларни янада кучайтириши эҳтимоли юқори. Бу ҳақда Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис Euronews’га берган интервьюсида билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Брюссель томонидан илгари кўрилган тийиб туриш чоралари Россияни Европа давлатларига нисбатан тахмин қилинаётган диверсия ва бошқа ҳужумлардан қайтариш учун етарли бўлмаган.

Будриснинг баёноти Германия Лейпциг/Ҳалле аэропорти яқинида портловчи модда билан жиҳозланган дрон аниқлангани учун Россияни айблаганидан сўнг янгради. Берлин бу ҳодисани Россиянинг Европадаги гибрид операциялари намунасига мос келади, деб баҳолаган. Москва эса айбловларни рад этган.

Литва ташқи ишлар вазири ЕИ давлатлари разведка ва хавфсизлик хизматларининг имкониятларини кучайтириш, шунингдек, Россияга нисбатан сиёсий ва иқтисодий босимни ошириш зарурлигини таъкидлади.

Европа Иттифоқида Россия фуқаролари учун виза чекловларини янада кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. ЕИ ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас аъзо давлатлар Россия армиясининг собиқ ва амалдаги ҳарбий хизматчиларига виза беришни чеклаш ҳамда россиялик туристларга нисбатан талабларни кучайтиришни қўллаб-қувватлаётганини айтди.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен эса Европадаги сўнгги дрон ва диверсия ҳолатларини «янги норма» деб атаб, ЕИ бундай таҳдидларга тезроқ ва самаралироқ жавоб беришга тайёр бўлиши кераклигини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг