Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хоразмда бронза даври қабристони топилди

Хоразмда бронза даври қабристони топилди

Фото: Фанлар академияси

Хоразм Маъмун академиясининг археологик экспедицияси Тупроққалъа туманида муҳим кашфиётни амалга оширди. Ҳудудда илгари фанга маълум бўлмаган, дастлабки хулосаларга кўра бронза даврига мансуб қабристон аниқланди.

Бу ёдгорликдаги дафн иншоотларининг тузилиши олимларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Қазишмалар давомида тошдан қурилган 19 та яшиксимон қабр қайд этилиб, уларнинг ичидан ғужанак ҳолда дафн этилган жасадлар топилди. Шунингдек, қабрлардан турли ашёлар, жумладан, бронза буюмлар ва мунчоқлар ҳам қазиб олинди.

Аниқланган мажмуа Хоразмнинг қадимги тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки дафн ёдгорликлари минтақанинг қадимги аҳолиси маданияти, дафн маросимлари, ижтимоий тасаввурлари ва турли ҳудудлар аҳолиси ўртасидаги алоқалар ҳақида муҳим маълумотлар беради.

Дафн маросими ва топилмаларнинг айрим турларини дастлабки таҳлил қилиш натижалари Жанубий Қозоғистоннинг Сирдарё ҳавзаси ҳудудларида аниқланган дафн иншоотлари билан муайян ўхшашликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Бундай параллелликлар илмий жиҳатдан алоҳида қизиқиш уйғотади ва бронза даврида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида яшаган аҳоли ўртасида маданий алоқалар ҳамда ўхшаш анъаналар мавжуд бўлганидан далолат бериши мумкин. Шу билан бирга, ёдгорликнинг хронологияси ва маданий мансублиги ҳақидаги якуний хулосалар археологик материалларни комплекс ўрганишдан сўнг чиқарилади.

Айни вақтда Академия мутахассислари экспедиция давомида қўлга киритилган материалларни дастлабки қайта ишлаш ва ҳужжатлаштириш ишларини олиб бормоқдалар. Келгусида дафн иншоотларини, антропологик материалларни ва дафн анжомларини батафсил ўрганиш, шунингдек, зарур лаборатория тадқиқотларини амалга ошириш режалаштирилган. Олинган натижалар ёдгорликнинг санасини аниқлаштириш ҳамда уни Хоразм ва унга туташ ҳудудлардаги бронза даври археологик маданиятлари тизимидаги ўрнини белгилаш имконини беради.

Маълумот учун: Марказий Осиёда бронза даври тахминан милоддан аввалги III минг йилликнинг охиридан милоддан аввалги II минг йилликнинг охиригача (тахминан милоддан аввалги 2200–900 йиллар) давом этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг