Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан 558 нафар фидойи инсон давлат мукофоти билан тақдирланди
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган давлат мукофотларини топшириш маросимида мамлакатдаги ўзгаришлар ва уларга ҳисса қўшаётган инсонлар меҳнатига тўхталди.
Давлат раҳбари бугун Янги Ўзбекистоннинг овози энг нуфузли халқаро минбарларда ҳам баланд янграётгани, мамлакатнинг халқчил ва тинчликпарвар сиёсати жаҳонда эътироф этилаётганини таъкидлади.
«Ҳеч шубҳасиз, юқоридаги барча ўзгаришлар кўп миллатли халқимиз, сиз каби жонкуяр юртдошларимиз меҳнати билан амалга ошмоқда», — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев қайси соҳа ёки вазифада ишламасин, инсон ўз меҳнатининг муносиб эътирофини кўриши катта бахт эканини қайд этди.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан яшаб, сидқидилдан меҳнат қилаётган 558 нафар фидойи инсон юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.
Президент ҳар бир мукофотланган инсоннинг машаққатли меҳнат йўли, эришган ютуқлари ва мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссасини яхши билишини таъкидлади.
Мукофотланганлар орасида бутун умрини бунёдкорликка бағишлаган хоразмлик нуроний Рустам Султонов ҳам бор. Қайд этилишича, у кекса ёшига қарамай, вилоят нуронийларига бошчилик қилиб, маҳалла ва қишлоқларни обод қилиш ишларида ёшларга намуна бўлиб келмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter