Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наманганда «Эски шаҳар» мажмуаси барпо этилади

Наманганда «Эски шаҳар» мажмуаси барпо этилади

Президентнинг «2026 йилда Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, вилоят иқтисодиётини жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилади.

Қарор билан 2026–2027 йилларда Наманганда 20 нафар «чемпион» тадбиркор танлаб олиниб, уларнинг корхоналарида меҳнат унумдорлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳалар жорий этилади.

Бу жараёнда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти — «GIZ» билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни мақбуллаштириш ва маҳсулот таннархини қисқартиришга хизмат қилувчи «Lean Six Sigma» дастури амалга оширилади.

Қарорда вилоятнинг туризм салоҳиятини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Наманган шаҳрининг Шарқ тонги маҳалласидаги Самарқанд ва Кўзагарлик кўчалари негизида янги туристик ҳудуд ташкил этилади.

Лойиҳага кўра, мазкур ҳудуд Тошкент шаҳридаги Зарқайнар кўчаси намунаси асосида миллий меъморчилик, ҳунармандчилик анъаналари ва замонавий сервисни уйғунлаштирган «Эски шаҳар» туризм мажмуасига айлантирилади.

Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда «Кичик бизнесга маслаҳат» дастури доирасида тадбиркорларга консалтинг хизматлари кўрсатиш ҳамда молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Қарорнинг муҳим йўналишларидан бири кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳисобланади. Унга кўра, 2027–2028 ўқув йилидан Янгиқўрғон тумани 2-сонли техникуми ва Чортоқ тумани 1-сонли техникумида Австриянинг Кремс амалий фанлар университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Мазкур таълим муассасаларида хизмат кўрсатиш ва туризм соҳалари учун Европа андозалари асосида мутахассислар тайёрланади. Техникумларнинг икки йиллик касбий таълим дастурларида ўқиш давлат гранти асосида ташкил этилади. Битирувчиларга давлат намунасидаги диплом берилиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг