Ногиронлиги бўлган абитуриентларга имтиҳонда қўшимча вақт берилади
Президентнинг «Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан инклюзив таълим соҳасида қатор янги механизмлар жорий этилмоқда.
Ҳужжатга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган педагогларни аттестациядан ўтказиш ва миллий сертификат олиш имтиҳонларида белгиланган вақт меъёрига нисбатан 50 фоиз қўшимча вақт берилади.
Имтиҳон жараёнларида Брайл алифбоси, аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти ҳам таъминланади.
Шунингдек, 2027 йил 1 майдан алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни ваучер асосида таълим олишига кўмаклашувчи замонавий ассистив, яъни ёрдамчи жиҳозлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида ўқитиш боланинг индивидуал таълимга эҳтиёжи, функционал имкониятлари ва ўзлаштириш даражасига мос равишда ишлаб чиқиладиган индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.
Қарор билан 2026 йил 1 сентябрдан коррекцион синф ташкил этган нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларига ҳам давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилмоқда.
Унга мувофиқ, ҳар бир ўқувчи учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 11 баравари, вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида 9,5 баравари, бошқа туман ва шаҳарларда эса БҲМнинг 8,5 баравари миқдорида субсидия ажратилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter