Ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин
Ўзбекистонда ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Бу бўйича Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Лойиҳа 2025 йил 18 ноябрда Президент ҳузурида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси вазифалар юзасидан ўтказилган тақдимотда берилган топшириқлар ҳамда Президент Администрацияси раҳбарининг 2026 йил 15 январдаги топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган.
Лойиҳа муаллифларига кўра, сўнгги йилларда ноқонуний миграция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кўпайиб бормоқда.
Жумладан:
- сохта ёки қалбаки миграция ҳужжатларидан фойдаланиш;
- фуқароларни хорижга ноқонуний олиб чиқиш каналларини ташкил этиш;
- лицензияга эга бўлмаган воситачи ва агентликлар фаолиятининг кўпайиши;
- мигрантларни эксплуатация схемаларига жалб этиш ҳолатлари қайд этилмоқда.
Амалдаги Жиноят кодексининг 223-моддасида қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш учун жавобгарлик белгиланган. Бироқ мазкур норма ноқонуний миграцияни ташкил этувчилар, воситачилар, молиялаштирувчилар ва логистика билан таъминловчи шахсларни тўлиқ қамраб олмайди.
Қонун лойиҳаси асосномасида бундай ҳолатлар фуқароларнинг хорижда эксплуатация қилиниши, моддий зарар кўриши, ноқонуний меҳнат фаолиятининг кенгайиши ва миграция соҳасининг криминаллашувига олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.
Лойиҳага мувофиқ, Жиноят кодексини ноқонуний миграцияни ташкил этишни алоҳида жиноят сифатида белгилайдиган янги 223¹-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Янги модда уч қисмдан иборат бўлиб, унда қилмишнинг оғирлик даражаси ва квалификация белгиларига қараб алоҳида жавобгарлик чоралари (3 йилдан 15 йилгача) назарда тутилади.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасига ҳам ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича дастлабки терговни ички ишлар органлари амалга ошириши белгиланиши мумкин.
Бу Ички ишлар вазирлиги тизимида миграцияга оид жиноятларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ваколат ҳамда махсус тузилмалар мавжудлиги билан изоҳланган.
Лойиҳа қабул қилинса, ноқонуний миграцияни ташкил этувчилар, воситачилар ва бошқа иштирокчиларни жиноий жавобгарликка тортиш учун алоҳида ҳуқуқий асос яратилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжат ҳозирча қонун лойиҳаси ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter