Октябрь ойида тухум ва гўшт қимматлади, шакарнинг нархи тушди
2026 йилнинг октябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Йиллик инфляция даражаси 6,5 фоизни ташкил этиб, 2025 йилнинг октябрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 1,3 фоиз пунктга пасайган.
Октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 1 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар 0,6 фоизга қимматлашган. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан тухум — 5,2 фоизга, қўй гўшти — 1,4 фоизга, суякли мол гўшти — 1,2 фоизга, қийма — 1,1 фоизга, сут ўртача — 1 фоизга, олий навли буғдой унидан нон — 0,7 фоизга қимматлашган. Шакар нархи эса 2,2 фоизга арзонлашган.
Мева-сабзавот маҳсулотларидан бақлажон ва бодринг — 9 фоизга, помидор — 8,8 фоизга, булғор қалампири — 8,7 фоизга, картошка — 5,3 фоизга қимматлашган.
Шу билан бирга, лимон — 15 фоизга, узум — 7,5 фоизга, олма — 3 фоизга, банан — 1,3 фоизга арзонлашган.
Октябрь ойида бензин нархи ўртача 1 фоизга, пропан — 0,4 фоизга қимматлашган. Метан нархида ўзгариш кузатилмаган.
Шунингдек, совуқ сув ва канализация хизматлари — 4,7 фоизга, такси хизматлари — 1,3 фоизга, репетиторлик хизматлари — 1,6 фоизга, чет тилларини ўргатиш курслари — 0,8 фоизга қимматлашган.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 3 млндан ортиқ нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter