Онани норози қилиб бахтга эришиб бўлмайди
«Менинг ёшим 19 да. Бир йигитни ёқтираман, унинг ҳам севгиси кучли. Лекин бу муҳаббат бизга азоб беряпти. Сабаби, ўртамиздаги муносабатларга ота-онам қарши, улар мени ўзимизга ўхшаган обрўли хонадонга узатиш ниятида, севгимизга қулоқ солишмаяпти. Мени эса ёқтирган йигитим бахтли қилишига кўзим етади. Қолаверса, ўзим ҳам оддий хонадонга келин бўлмоқчиман. Ҳаловатимни йўқотдим, бироқ муҳаббатимни деб ота-онамни ранжитиш ниятим йўқ. Қандай иш тутсам, уларни рози қилишим мумкин?
С.»
Муҳаббатнинг кўзи кўр бўлади, деган нақл бежиз эмас. Ишқ-муҳаббат домига тушиб қолганлар қалтис хатоларга йўл қўйишади. Зеро, ҳаётда севгидан ташқари ақл билан ҳам ишлаш керак.
Савол берган қиз билан йигит ҳиссиётга ўта берилиб кетгани боис бир-бирига руҳан ўрганиб қолишган. Бу туйғуни эса оддийгина боғланиш десак тўғри бўлади. Ҳақиқий севгини ҳис қилган инсон дард чекиши эмас, балки қувонч, шодлик, бахтиёрликни туйиб, жуфти билан бир-бирини эъзозлаб, бу туйғулар унга ҳаётда яшаши учун куч бағишлаши керак. Шунчаки боғланиш оқибатида муносабат қурган ёшларда «биз севгимизга эриша олмаймиз» деган дастур пайдо бўлади. Оқибатда ғам-қайғу бошланади ва бу ёшлар фақат ўзларини ўйлашади. Гўё фақат уларнинг айтгани, истаги бўлиши шарт!
Савол берган қиз йигитнинг ўртаҳол оиласини меъёрий ҳолат деб қабул қиляпти. Онаси учун эса бу нормал ҳолат эмас, у ҳаётда маънавий етукликка эришишни хоҳлайди. Шу боис қаршилик кўрсатиляпти. Ёшлар кўпинча ота-оналари ёки яқинлари монелик қилганида уларни тўғри тушунишмайди. Ваҳоланки, катталар севиб қолган ёшлардан фарқли равишда ақлни ҳам ишга соладилар. Ота-онани рози қилмасдан, севгига эришиб бўлмайди!
Бу қизга маслаҳатим: ҳисларингиз ҳақиқий эканлигига аниқлик киритиш учун икки йил сабр қилинг. Агар шу муддат синовидан ўтсангиз, истаганингизга эришасиз. Бирор сабаб бўлиб, йигит билан муносабатингизга путур етса, демак, орангизда шунчаки ҳавас бўлган, холос. Сиз нотўғри хатти-ҳаракатларингиз билан, аввало, онангизнинг олдида ишончингизни йўқотманг. Агар ҳозир волидангизга қаршилик кўрсатиб, ўша йигит билан кўришадиган бўлсангиз, ён-атрофдаги инсонлар олдида ҳам обрўйингиз тўкилади. Қачонки онангиз билан муносабатларингизни тикласангиз, ана шунда истаган муҳаббатингизга эришасиз.
Айни дамда онангиз хавотирда, у сизнинг келажагингизни ўйлаб бугунги хатоларингиздан ташвишланяпти. Онани норози қилиб бахтга эришиб бўлмайди. 19 ёш турмуш қуриш учун бир оз эрталик қилади, синов учун берилган икки йиллик вақт эса ҳаммасини жой-жойига қўяди. Севиш керак, муҳаббат бўлиши зарур, лекин инсон ўз ҳурматини йўқотмасин.
Аксарият ёшлар «одамларнинг гапига парво қилмайман», деб ўз гапидан қолмайди, қалтис хатоларга йўл қўяди. Энг ёмони, бу хато инсонга умрининг охиригача тинчлик бермайди. Қиз бола нафислиги, беғуборлиги, бокиралигига доғ туширмаслиги шарт. Бахтли бўлиш учун эса ҳавасдан ташқари, онгли равишда қадам ташлашни ҳам билиш керак.
Бахтинисо Азимбоева,
шифокор-руҳшунос.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter