Ўртаҳисар «Дунёнинг энг гўзал 50 қишлоғи» рўйхатига киритилди

Эртаклар мамлакати Каппадокия яна бир бор халқаро эътирофга сазовор бўлди. Ўртаҳисар тарихий қишлоғи Форбес журналининг 2025 йилги «Дунёнинг энг гўзал 50 қишлоғи» рўйхатидан жой олди ва бу мақом Каппадокиянинг беқиёс гўзаллиги ҳамда маданий аҳамиятини яна бир карра тасдиқлади.
Ўртаҳисар – ҳар бир сайёҳнинг минтақада албатта кўриши керак бўлган манзиллардан бири. У Ургупдан тахминан олти километр узоқликда жойлашган бўлиб, Каппадокиянинг ўзига хос қоя ўймакорлигини қадимий қалъаси ва иссиқ ҳаво шарларига тўла осмон билан уйғунлаштиради.
Маҳаллий архитектуранинг абадий жозибаси
Форбес Ўртаҳисарни Каппадокия бағрида қад кўтарган, кулранг ва зарғалдоқ ранглар билан товланиб турган осмон остидаги маскан сифатида тасвирлайди. Минг йиллар давомида Эржиес, Ҳасан ва Гуллу тоғларида вулқон отилиши натижасида ҳосил бўлган юмшоқ қатламлар шамол ва ёмғир таъсирида аста-секин улкан қоятошларга — пери бажаларга айланди. Табиат ва вақт таъсирида вужудга келган бу бетакрор манзара Каппадокиянинг рамзий тимсолига айланди.
Ўртаҳисар қалъаси улкан қояда ўйилган табиий қалъа бўлиб, шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган. Айтишларича, қалъа хетлар даврида ўйиб ишланган. Қалъада ғорлар, каптархоналар ва лабиринтли туннеллар мавжуд бўлиб, дунёдаги биринчи кўп қаватли аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда у ажойиб панорамик манзараларни тақдим этувчи минтақадаги энг баланд нуқталардан биридир.
Каппадокия миллий меъморчилигининг ўзига хос намуналарини Ўртаҳисар этакларида жойлашган маҳаллий уйларда кўриш мумкин. Дўконлар ва хушбўй ифорли чой боғлари билан ўралган тош кўчалар табиий гўзал водийларга олиб боради. Бу водийларда ўйиб ишланган омборлар тарихда Ўрта ер денгизидан олиб келинган олма, картошка, апельсин ва лимон каби маҳаллий маҳсулотларни сақлаш учун хизмат қилган. Шунингдек, Каппадокиянинг бой диний ва маданий меросини акс эттирувчи Сарижа, Жамбазли, Тавшанли, Болқон Дереси ва Ҳаллач Дереси каби ажойиб черков ва монастирлар ҳам мавжуд.
Эртаклар мамлакати
Ўтган йил Каппадокиянинг музей ва археологик обидаларига 4,37 миллиондан ортиқ зиёратчи ташриф буюрди. Унинг сирли ер ости шаҳарлари ва тошга ўйилган черковлари, қадимий меъморчиликни замонавий қулайлик билан уйғунлаштирган мураккаб ғор меҳмонхоналари унутилмас тажрибаларни бахш этади. Ташриф буюрувчилар, шунингдек, ҳашаматли ғор меҳмонхоналарида SPA муолажаларидан баҳраманд бўлишлари, кўзни қамаштирувчи қоялар орасида отда сайр қилишлари ёки кулолчилик устахоналарида ўз санъат асарларини яратишлари мумкин.
Минтақанинг машҳур сопол идишларида пиширилган гўшт ва маҳаллий меваларнинг ажойиб уйғунлиги ноёб тажрибадир. Яқинда Каппадокия Мичелин қўлланмасига киритилди ва маданий ҳамда гастрономик туризм бўйича жаҳондаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter