Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон автомобил бозорида июн ойида ўсиш кузатилди

Ўзбекистон автомобил бозорида июн ойида ўсиш кузатилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2026 йил июн ойида Ўзбекистонда автотранспорт воситалари савдоси 80,2 мингтадан ошиб, май ойига нисбатан 18 фоизга кўпайди.

Ҳудудлар кесимида савдо фаоллиги деярли барча вилоятларда ўсди. Пасайиш фақат Жиззах вилоятида қайд этилди ва у 2,2 фоизни ташкил қилди. Энг юқори ўсиш Сурхондарё вилоятида 33,7 фоиз, Хоразм вилоятида 32,6 фоиз ва Сирдарё вилоятида 29 фоиз даражасида кузатилди. Шунингдек, Самарқанд, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ҳам юқори ўсиш суръатлари қайд этилди.

Тошкент шаҳри мамлакат автомобил бозорида етакчиликни сақлаб қолди. Июн ойида пойтахтда 17,9 мингта автотранспорт воситаси сотилиб, май ойига нисбатан савдо ҳажми 9 фоизга ошди. Бу республика бўйича умумий савдонинг 22,3 фоизига тўғри келди.

Июн ойида енгил автомобиллар савдоси 61,4 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 14 фоизга ўсди. Янги енгил автомобиллар савдоси 24 мингтага етди ва ойлик ўсиш 11 фоизни ташкил қилди.

Бирламчи бозорда маҳаллий ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар савдоси 12 фоизга ошиб, 18,8 мингтага етди. Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси эса 5,1 мингтани ташкил қилди ва май ойига нисбатан қарийб 7 фоизга кўпайди.

Иккиламчи бозор ҳам фаол ўсишни намоён қилди. Фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси июн ойида 16 фоиздан ортиқ ошиб, 37,1 мингтага етди. Шу билан бирга, йилнинг биринчи ярмида иккиламчи бозордаги савдо ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга камайиб, қарийб 240 мингтани ташкил этди.

Июн ойида электромобиллар бозори энг юқори ўсиш суръатларини қайд этди. Бирламчи ва иккиламчи бозорларда жами 8,4 мингта электромобиль сотилиб, май ойига нисбатан савдо 63,5 фоизга ошди.

Йилнинг биринчи ярмида республикада 40 мингдан ортиқ электромобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга кўпдир. Электромобиллар савдосининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, июн ойида пойтахтда 5,3 мингта электромобиль сотилди. Бу умумий бозор ҳажмининг қарийб 63 фоизини ташкил этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг