Ўзбекистон Каспий денгизи тубидан ўтадиган интернет тармоғига уланишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон рақамли инфратузилмани ривожлантиришда навбатдаги муҳим қадамга тайёрланмоқда – мамлакат Каспий денгизи тубидан ўтадиган халқаро маълумот узатиш линиясига уланиш ниятида. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси ижрочи директори Раджит Нанда «Oʻzbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
15 октябрь санасида Президент Шавкат Мирзиёев Саудиянинг етакчи компаниялари билан учрашув ўтказди. Шулар орасида DataVolt томонидан Тошкентда замонавий дата-марказ барпо этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган эди.
Компания 12 МВт қувватдаги биринчи дата-центрни пойтахт IT Park ҳудудида ишга туширмоқда. Шунингдек, Янги Тошкент ва Бухоро шаҳрида умумий 210 МВт қувватга эга улкан дата-марказлар қурилиши режалаштирилган. Бу марказлар – сунъий интеллект, «яшил энергетика» ва юқори хавфсизлик технологиялари асосида қурилади.
Президент Мирзиёев ушбу лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлаб, DataVolt билан ҳамкорликни Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга, деб баҳолади.
Раджит Нанданинг таъкидлашича, бугунги кунга қадар Ўзбекистондан чиқадиган асосий интернет йўналишлари Европа орқали ўтади. Бу эса маълум даражада хавфсизлик ва тезлик бўйича чекловлар келтириб чиқаради.
Шу боис Ўзбекистон Қозоғистон – Озарбайжон давлатлари орасида Каспий денгизи тубига ётқизилаётган оптик линияга қўшилишни режалаштирмоқда. Бу йўналиш мамлакат маълумотлар хавфсизлигини таъминлаши, интернет сифатини ошириши ва миллиардлаб долларлик иқтисодий имкониятлар очиб бериши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Каспий остидаги янги интернет йўли, Янги Тошкент ва Бухорода қурилаётган замонавий дата-марказлар, Amazon ва Oracle каби глобал компанияларни жалб этиш – буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг рақамли геосиёсатдаги ўрни тез суръатларда ошиб бораётганини кўрсатади.
Бу ҳаракатлар нафақат интернет сифатини яхшилайди, балки мамлакатни Марказий Осиёдаги IT-хабга айлантириш учун мустаҳкам замин ҳам яратади.
Маълумот учун, DataVolt 2024 йил май ойида Ўзбекистонда биринчи 10 МВт дата-центр қурилишини бошлаган. Компания 2030 йилга қадар мамлакатга $5 миллиардгача инвестиция киритишни режалаштирган. Мирзиёев 2024 йил Тошкент халқаро инвестиция форумида DataVolt билан биргаликда «яшил дата-марказ» барпо этилишини эълон қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter