Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Вена конвенциясига қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни топширди

Ўзбекистон Вена конвенциясига қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни топширди

Халқаро атом энергияси агентлиги (IAEA)нинг Венадаги бош қароргоҳида ташкилот бош директори Рафаэль Гроссига Ўзбекистоннинг Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига қўшилиш ҳақидаги ҳужжатни топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда агентлик директори Рафаэль Гросси 2024 йил Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан мамлакатнинг қатор ядровий конвенцияларга қўшилиши масалаларини муҳокама қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон қисқа вақт ичида ядровий соҳадаги тўртта асосий халқаро конвенцияга қўшилган: "Ядровий хавфсизлик", "Ядровий авария ёки радиациявий авария ҳолатида ёрдам кўрсатиш", "Ядровий фалокат ҳақида барвақт хабар бериш" ҳақидаги конвенциялар қаторига "Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги" тўғрисидаги Вена конвенцияси ҳам қўшилди. Ушбу ҳужжатга қўшилиш қарори давлат раҳбарининг шахсан эътибори ва қўллаб-қувватлаши натижаси бўлди.

2025 йил 26 сентябрда Ўзбекистоннинг "Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 1963 йил 21 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида"ги қонуни қабул қилинган. Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Ўзбекистонда ядро энергетикасини ривожлантириш, жумладан, атом электр станцияси ва кичик модулли реакторлар қуриш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу орқали мамлакат қатъият ва тезкор стратегик қарорлар қабул қилиш қобилиятини намойиш этмоқда.

Учрашув якунида бош директор Ўзбекистон билан фаол ва самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг