Барча тиббиёт олийгоҳларида олий ҳамширалик иши йўналиши очилади ва квота 2 карра оширилади
Бугунги учрашувда бундан буён тиббий таълим сифатини баҳолаш бўйича уч босқичли тизимга ўтилиши белгиланди.
Тиббиёт олийгоҳларининг бакалавр босқичида талабаларнинг фундаментал ва клиник фанлар бўйича билими баҳоланади. Резидентурани тугатган шифокорлар эса ихтисослиги бўйича имтиҳондан ўтказилади. Шундан кейин мутахассис давлат рўйхатидан ўтади ва унга тиббий фаолият юритишга рухсат берилади.
Кўп вақтини бемор олдида ўтказадиган ҳам, муолажаларни бажарадиган ҳам – ҳамширалар.
Эндиликда оддий муолажани қиладиган эмас, ташхис, даволаш ва профилактикада шифокорга кўмакчи бўладиган ҳамшираларни тайёрлашга ўтиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети тасарруфига ўтказилиб, негизида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил қилинади.
Академия АҚШ, Германия, Буюк Британия каби давлатлар олийгоҳлари билан бирга келаси йилдан олий маълумотли ҳамшира тайёрлашни бошлайди.
Келгуси йилдан барча тиббиёт олийгоҳларида олий ҳамширалик иши йўналиши очилади ва квота 2 карра, 2027 йилдан эса камида 20 фоиздан ошириб борилади.
Бундан мақсад – яқин йилларда олий маълумотли ҳамшираларнинг улушини 10 фоизга етказиш.
Олий маълумотга эга, шифокор билан ёнма-ён турадиган бундай ҳамшираларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилади. Келгуси йилдан олий маълумотли ҳамшираларнинг маошига 100 фоиз устама берилади.
Айни пайтда ўрта маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш тизими ҳам ўзгартирилади.
Бу борада Англиянинг «Pirson» компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамшираларни тайёрлаш бошланди. Бунинг давоми сифатида Германия, Швейтсария, АҚШ каби давлатларнинг таълим дастурлари олиб кирилади.
Шулар орқали халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамшираларнинг корпуси шакллантирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter