Ўзбекистонда 6 нафар топ-блогер 2,7 млрд сўм даромад олган
Солиқ қўмитаси 2025 йил якунлари бўйича блогерлар фаолиятини таҳлил қилди. Унга кўра, 3 миллиондан ортиқ обуначига эга 6 нафар топ-блогер йил давомида жами 2,7 миллиард сўм даромад олган.
Маълумотларга кўра, ушбу блогерлар 2025 йилда 360 та сторис ва 184 та реклама пости жойлаштирган. Расмий ҳисоботларга асосан, улар бюджетга 110,4 миллион сўм солиқ тўлаган.
Таҳлил доирасида энг фаол 110 нафар блогер фаолияти ўрганилган.
Улардан:
- 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс,
- 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор,
- 22 нафари эса жисмоний шахс сифатида фаолият юритмоқда.
Солиқ қўмитаси таъкидлашича, бу ҳолат блогерлар фаолияти кўлами билан уларнинг ҳуқуқий мақоми ўртасида маълум номутаносиблик мавжудлигини кўрсатади.
Учрашув давомида блогерларга реклама орқали олинаётган даромадларни солиққа тортиш тартиби тушунтирилди. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган шахс мақоми ходим ёллаш ҳуқуқини бермаслиги қайд этилди. Амалда эса айрим блогерлар администратор ва ёрдамчиларни жалб қилаётгани аниқланган.
Мутахассислар блогерлар фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш, даромадлар шаффофлигини таъминлаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш зарурлигини таъкидлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter