Миср компанияси Ўзбекистонда асфалтни жазирамадан ҳимояловчи воситаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси дипломатлари Халқаро тижорат ва қурилиш компанияси директори Амр Эл-Шенави билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашув давомида Миср томони Ўзбекистон билан ҳамкорликни, хусусан, автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши соҳасида ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Амр Эл-Шенави замонавий автомагистраллар ва кўприкларни юқори сифатли хомашёлардан фойдаланган ҳолда биргаликда барпо этишни таклиф қилди.
Томонлар, шунингдек, асфалт қопламасини қуёш нурларининг бевосита таъсиридан ҳимоя қилувчи махсус воситаларни ўрнатиш бўйича инновацион ечимларни муҳокама қилди.
Қайд этилишича, мазкур технология йўл инфратузилмасининг хизмат муддатини сезиларли даражада узайтириш ва харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Миср компанияси ушбу ҳимоя конструкцияларини ишлаб чиқарадиган корхонани Ўзбекистонда ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди.
Музокаралар якунида жорий йилнинг сентябр–октябр ойларида Амр Эл-Шенавининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан музокаралар ўтказишга келишиб олинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter