Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда болалар ва катталар учун «қўшимча таълим» қонунийлаштирилади

Ўзбекистонда болалар ва катталар учун «қўшимча таълим» қонунийлаштирилади

Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 23 октябрдаги ЎРҚ-1091-сон қонуни билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжат матнига кўра, ҳозирги кунда болалар билан тенг равишда катта ёшдагиларнинг ҳам билим олишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганлигини инобатга олиб, уларга ҳам ўқув марказлари, ахборот-кутубхона ва соғломлаштириш таълим ташкилотлари томонидан таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Бу эса катта ёшдагиларнинг қўшимча таълим олиши учун аниқ ҳуқуқий асослар яратилишини ҳамда қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилишини талаб этмоқда.

Ушбу Қонун билан эса Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мактабдан ташқари таълим тури қўшимча таълим турига алмаштирилишини ҳамда ушбу соҳадаги хабардор қилиш тартибини, ваколатли органларнинг аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, «Таълим тўғрисида»ги Қонунга  қўшимча таълимни тартибга солувчи алоҳида модда – 14-модда қўшилмоқда.

Унга кўра, қўшимча таълим болалар ва катта ёшдагиларнинг ижодий қобилиятини шакллантиришга ҳамда касбий кўникмаларини ривожлантиришга, интеллектуал ва жисмоний такомиллашувга бўлган индивидуал эҳтиёжларини қаноатлантиришга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, соғлиғини мустаҳкамлашга ва бўш вақтларини самарали ташкил этишга қаратилган бўлиб, у қуйидаги турларни ўз ичига олади:

  • болалар учун қўшимча таълимни;
  • катта ёшдагилар учун қўшимча таълимни.

Болалар учун қўшимча таълим узлуксиз таълим беришнинг таркибий қисми сифатида уларнинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш, маънавий эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида амалга оширилади.

Бунда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек тижорат ташкилотлари маданий-эстетик, илмий, техникавий, спорт ва бошқа йўналишларда болалар учун қўшимча таълим ташкилотларини ташкил этиши мумкин.

Болалар учун қўшимча таълим ташкилотлари жумласига болалар ва ўсмирлар ижодиёти саройлари, уйлари, клублари ва марказлари, «Баркамол авлод» болалар мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, студиялар, ахборот-кутубхона ҳамда соғломлаштириш муассасалари киради.

Катта ёшдагилар учун қўшимча таълим уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, қўшимча билим ва кўникмаларни эгаллашига кўмаклашиш учун ташкил этилади.

Қўшимча таълим бериш тартиби таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланади.

57-1-моддаси эса янги таҳрирда баён этилмоқда. Унга кўра, болалар учун қўшимча таълим, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти шаклида таълим хизматларини кўрсатишга доир фаолият Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини, катта ёшдагилар учун қўшимча таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шаклидаги фаолият эса Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини белгиланган тартибда хабардор қилиш орқали амалга оширилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг