Ўзбекистонда ёзги электр истеъмоли қишки рекорддан ҳам ошиб кетди
Ўзбекистон ягона энергетика тизимида электр энергияси истеъмоли бўйича янги тарихий рекорд қайд этилди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 14 июл куни суткалик электр энергияси истеъмоли 284 миллион кВт·соатга етди. Бу кўрсаткич нафақат аввалги ёзги рекорд, балки қишки максимал истеъмолдан ҳам юқори бўлди.
Маълум қилинишича, янги рекорд 13 июл куни қайд этилган 278,6 миллион кВт·соатлик ёзги кўрсаткичдан 5,4 миллион кВт·соатга (1,94 фоиз), жорий йил 24 январда қайд этилган 283 миллион кВт·соатлик қишки рекорддан эса 1 миллион кВт·соатга кўпдир.
Шунингдек, 14 июл куни электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам янги юқори кўрсаткични қайд этиб, 287,3 миллион кВт·соатни ташкил қилди. Бу қишки максимал ишлаб чиқариш ҳажмидан 9,7 миллион кВт·соатга (3,49 фоиз) юқори.
Юқори юклама даврида электр таъминоти барқарорлигини сақлаш мақсадида авария-таъмирлаш бригадалари кучайтирилган тартибда ишламоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Сергели ва Олмазор туманларида юзага келган носозликлар тезкор бартараф этилди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг бир қатор туманларида кучли шамол туфайли узилган электр таъминоти ҳам қисқа вақт ичида босқичма-босқич тикланди.
Вазирлик ҳудудларда электр станциялари, подстанциялар, трансформатор пунктлари ва электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш ишлари давом этаётганини маълум қилди.
Шу билан бирга, юқори истеъмол соатларида айрим ҳудудларда техник носозликлар сабабли электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкинлиги қайд этилди.
Энергетика вазирлиги аҳолидан электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишни, айниқса, кондиционерларни 24–26 даража ҳароратда ишлатиш ва уларнинг фильтрларини мунтазам тозалаб туришни сўради. Бу электр сарфини камайтириш, тармоқларга тушадиган юкламани пасайтириш ва саломатлик учун қулай муҳит яратишга хизмат қилиши таъкидланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter