Парижда болаларга нисбатан жинсий зўравонликда гумонланиб, 16 киши қўлга олинди
Франция пойтахти Парижда болаларга нисбатан жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳолатлари юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида 16 нафар мактабгача таълим муассасаси ходими қўлга олинди.
Париж прокуратураси маълумотига кўра, гумонланувчилар 18 ёшдан 68 ёшгача бўлиб, улар орасида болалар боғчаси ходимлари, шаҳар таълим тизими мансабдорлари ва шартнома асосида ишловчи тарбиячилар бор. Барчаси Парижнинг 7-округидаги Saint Dominique муниципал муассасасида фаолият юритган.
Тергов маълумотларига кўра, улар болаларга нисбатан жинсий зўравонлик, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш ва шафқатсиз муносабатда бўлишда гумон қилинмоқда. Айрим ходимлар аллақачон ишдан четлаштирилган.
Прокуратура ҳозирда Париждаги 84 та болалар боғчаси, 20 та бошланғич мактаб ва 10 та боғчада эҳтимолий зўравонлик ҳолатлари бўйича кенг қамровли текширув ўтказмоқда.
Маълум қилинишича, 2026 йил бошидан буён 78 нафар муниципал ходим ишдан четлаштирилган бўлиб, уларнинг 31 нафари жинсий зўравонликка оид гумонлар билан боғлиқ.
Мазкур иш Le Parisien газетаси суриштирувидан кейин янада кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Нашр маълумотига кўра, тарбиячилардан бири 2025 йилда уч нафар вояга етмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик қилишда айбланган. У 2024 йилда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўйича полиция томонидан ушлангани айтилмоқда.
Париж мэри Эмманюэль Грегуар болаларни ҳимоя қилишни ўз фаолиятининг устувор йўналиши деб атади. У кадрлар танловини кучайтириш, интизомий чораларни қатъийлаштириш ва таълим муассасаларида шаффофликни оширишга ваъда берган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter