Президент Фарғонадаги «Нефтчи» футбол академияси фаолияти билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида вилоят футбол ассоциациясига қарашли футбол маркази ҳамда «Нефтчи» болалар футбол академиясида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Фарғона вилояти мамлакатдаги энг кучли футбол мактабларидан бири сифатида танилган бўлиб, бу ҳудуд кўплаб иқтидорли футболчиларни етиштириб келмоқда. Хусусан, 1962 йилда ташкил этилган «Нефтчи» футбол клуби Ўзбекистон Суперлигасининг 6 карра чемпиони, мамлакат кубогининг 2 карра ва суперкубокнинг 1 карра соҳиби ҳисобланади. Шунингдек, жамоа 1994 йилда МДҲ кубоги финалига чиққан, 1994–1995 йилларда эса Осиё чемпионлар лигасида бронза медалларини қўлга киритган.
Сўнгги йилларда ҳудудда футболни янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни саралаш ва тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда 2025 йилда «Нефтчи» болалар футбол академияси ташкил этилди.
Академия 4,5 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллаб, 150 нафардан зиёд ёш футболчиларни қамраб олган. Бу ерда 6 та катта ва кичик футбол майдони, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозланган физиотерапия бўлими фаолият юритмоқда.
Шунингдек, қиймати 1,1 миллион доллар бўлган сунъий қопламали ва ҳаво гумбази билан ёпилган ёпиқ футбол манежи барпо этилган. Бу эса ёш спортчиларга йил давомида узлуксиз машғулот олиб бориш имконини яратади.
Академияда машғулотлар халқаро стандартлар асосида ташкил этилмоқда. Бу борада UEFA инструкторлари ва бошқа хорижий мутахассислар жалб қилинган.
Президент академияда ёш футболчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечириб, улар билан мулоқот қилди ҳамда машғулот жараёнини кузатди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter