Ўзбекистонда қайси русумдаги автомобиллар кўпроқ ишлаб чиқарилмоқда?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–май ойларида Ўзбекистонда 190 480 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 11,3 фоизга кўпдир. Шунингдек, юк автомобиллари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 1 873 тадан 2 413 тагача ошди.
Энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиллар орасида «Cobalt» етакчилик қилди. Ушбу русумдан беш ойда 69 302 дона ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 398 тага кўпдир.
Махсус енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳам ўсиш суръатини сақлаб қолди. Бу тоифадаги маҳсулотлар сони 17 397 тадан 23 791 тага етди.
Ҳисобот даврида «BYD» ишлаб чиқариши деярли икки баробарга ошиб, 5 495 тадан 10 120 тага етди. «Haval» автомобиллари 2 930 тадан 4 038 тага, «KIA» эса 10 076 тадан 11 128 тага кўпайди.
«Tracker» ишлаб чиқариши ҳам оз миқдорда ўсиб, 18 079 тадан 18 519 тага етди.
Айрим моделларда эса пасайиш қайд этилди. Хусусан, «Damas» ишлаб чиқариши 38 753 тадан 35 269 тага, «Onix» 16 215 тадан 15 157 тага, «Chery» эса 3 362 тадан 3 156 тага камайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter