Самарқанд электр тармоқларига 357 млн доллар сармоя киритилади
Президентнинг 2026 йил 14 августдаги қарори билан Самарқанд вилоятида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси белгиланди.
Халқаро тендер якунларига кўра, Туркиянинг «Aksa Elektrik Perakende Satış A.Ş.» компанияси лойиҳа бўйича хусусий шерик сифатида танланган. Компания Ўзбекистонда «Aksa Samarqand Electricity Distribution» корхонасини ташкил этади.
Лойиҳа доирасида хусусий шерикка Самарқанд вилоятидаги мавжуд электр тақсимлаш тармоқларини бошқариш ва эксплуатация қилиш ҳуқуқи берилади. Айни пайтда электр тармоқларининг ўзи давлат тасарруфида қолади.
Лойиҳанинг дастлабки 12 йилида «Aksa Elektrik» 357 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритиши белгиланган. Дастлабки икки йиллик ўтиш даврида камида 27 миллион доллар сармоя йўналтирилади.
Маблағлар электр тармоқларини кенгайтириш, модернизация ва реконструкция қилиш, янги активлар яратиш ҳамда замонавий бошқарув усулларини жорий этишга сарфланади.
Шунингдек, тармоқлардаги электр йўқотишларини босқичма-босқич камайтириш режалаштирилган. Техник аудит натижасига кўра, йўқотишлар 20–25 фоиз бўлса, операцион даврда ҳар йили 1,4 фоизга, 15–20 фоиз оралиғида бўлса, йиллик 0,6 фоизга қисқартирилади.
Лойиҳа электр таъминоти ишончлилигини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва эскирган инфратузилмани янгилашга қаратилган. Шунингдек, тармоқларнинг электр ўтказиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Энергетика вазири Шерзод Ҳоджаев таъкидлаганидек, ушбу бизнес модели Ўзбекистонда биринчи марта қўлланмоқда. Компания мавжуд ходимларни ишга қабул қилиши, хориждан эса 10–15 нафар мутахассис жалб қилиши режалаштирилган.
Лойиҳа ижроси ҳамда томонларнинг мажбуриятлари бажарилиши Энергетика вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан назорат қилинади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter