Шаҳарлашув: маданий мерос ва экологик барқарорлик эътибордан четда қолмаслиги керак
Тошкентда 10 декабр — Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан «Уйда инсон ҳуқуқлари: шаҳар трансформацияси, муносиб тураржой ҳуқуқи ва ижтимоий адолат» мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Европа Иттифоқи делегацияси, Швейцария, Германия ва Буюк Британия элчихоналари ҳамда БМТнинг Марказий Осиё бўйича Инсон ҳуқуқлари минтақавий идораси томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистон шаҳарларида кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида муносиб тураржой ҳуқуқлари, маданий меросни сақлаш, экологик муаммолар ва ижтимоий инклюзия масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу маънода ушбу конференция тезкор урбанизацияни шаффофлик, қонун устуворлиги ва барча қатламларни қамраб олишни таъминлаган ҳолда бошқариш бўйича инклюзив мулоқот платформасига айланди.
«Урбанизацияни тараққиёт кўрсаткичи сифатида қабул қилиш керак, бироқ шаҳарларнинг ўсиши барқарор, инклюзив ва экологик жиҳатдан масъулиятли бўлишини таъминлаш учун у бошқарилиши лозим. Бу жараён ижтимоий адолат ва маданий мерос ҳисобига бўлмаслиги керак. Мулоқот муҳим, инклюзия ва маслаҳатлашув эса зарур», — деди Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Смарт.
«Давлатлар фуқаролик иштирокини рағбатлантириш учун шароит яратиши шарт, аммо биз фуқаролар сифатида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган ҳуқуқларни талаб қилишимиз керак», — деди ЕИ элчиси Тойво Клаар.
Швейцария элчиси Константин Оболенский эса шаҳар трансформацияси муносиб тураржой ҳуқуқи ва ижтимоий адолатга таъсир қилиши, улкан иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлардан ҳамма фойда кўриши учун кафолатлар жорий этилиши муҳимлигига эътибор қаратди.
Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича етакчи мутахассиси Муҳаммад Нада глобал илғор тажрибаларни тақдим этиб, шаҳарларни режалаштиришда жамоатчиликнинг иштироки аҳамиятига урғу берди.
Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили офиси масъул ходими Омер Фишер бошчилигидаги муҳокама билан якунланди.
Тадбирда ҳукумат вакиллари ва фуқаролик жамияти етакчилари шаҳар трансформацияси ва тураржой ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ҳамда имкониятлар бўйича ўз қарашларини билдиришди.
Анъанага айланган ушбу йиғилишда Ўзбекистон фуқаролик жамияти ташкилотлари марказий рол ўйнади. Мамлакат бўйлаб 40 дан зиёд ташкилот ва фаоллар, жумладан, тураржой ҳуқуқлари, экологик барқарорлик, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглиги бўйича фаолият юритувчи ННТларнинг фаол иштироки фуқаролик жамиятининг шаҳарларимиз келажагини шакллантиришда янада муҳим рол ўйнашга тайёрлигини кўрсатади.
Маълумот ўрнида: БМТ 1950 йилда 10 декабрни – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни деб белгилаган. 1948 йилнинг ушбу санасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дeкларацияси қабул қилинган эди.
Ўзбeкистон Рeспубликаси 1991 йил 30 сeнтябрда ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилиб, унинг устувор талабларини қабул қилган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter