Шавкат Мирзиёев Ёшлар ўртасида V Параосиё ўйинлари ғолибларини табриклади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар ўртасида V Параосиё ўйинлари ғолиблари — Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларини табриклади.
Қадрли қаҳрамон ўғил-қизларим!
Ҳурматли устоз-мураббийлар!
Муҳтарам ота-оналар!
Аввало, барчангизни V Ёшлар Параосиё ўйинларида эришилган улкан тарихий ғалаба билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида қитъамизнинг 35 та давлатидан келган 1 минг 500 нафардан зиёд спортчилар ўртасида бўлиб ўтган ғоят кескин беллашувларда сизлар жасорат ва матонат фазилатларини намоён этиб, мусобақаларнинг чинакам қаҳрамонларига айландингиз ва Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида яна бир ёрқин саҳифа очдингиз.
Ушбу нуфузли спорт анжуманида сизларни кўп миллатли бутун халқимиз қўллаб-қувватлаб, барчангизга зафар ва омадлар тилаб турди.
Ана шундай юксак ишончни шараф билан оқлаб, 99 та олтин, 57 та кумуш, 41 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида Осиё қитъасида 1-ўринни эгаллаб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилганингиз муборак бўлсин!
Турнир давомида Ўзбекистон мадҳияси қарийб 100 марта янграгани сизларнинг Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этишга қандай беқиёс ҳисса қўшганингиздан далолатдир .
Сизлар улкан азму шижоатингиз, букилмас ирода ва интилишингиз билан Осиёнинг миллий спорти жадал ривожланаётган Эрон, Япония, Таиланд, Индонезия каби давлатлари жамоаларини ҳам ортда қолдиришга муваффақ бўлдингиз.
Ўзбекистон Параосиё ўйинлари тарихида бундай рекорд натижа, бундай буюк зафар илгари ҳеч қачон бўлмаган эди. Ҳеч шубҳасиз, сизлар юртимиз спортида шонли тарих ва анъаналар яратаётган ёшлар, моҳир мутахассислар сифатида юксак таҳсин ва тасанноларга муносибсиз.
Бутун халқимиз, жонажон Ватанимиз сизлар билан фахрланади. Сизлар Ўзбекистон паралимпия ҳаракатининг олтин авлоди, олтин вакилларисиз.
Бундай қаҳрамон ёшларимизга шон-шарафлар бўлсин!
Айниқса, пара пауэрлифтингчи ўғил-қизларимиз Баҳриддин Холбўтаев, Элбек Фарҳодов, Ойшажон Ражаббоева, Рухшона Ўктамова ўз вазн тоифаларида жаҳон рекордини, Нурилло Инобиддинов, Эзоза Абдужабборова, Азизбек Пердебаев, Рухшона Ўктамова, Зиёдахон Боқижонова, Зуҳра Юлдашева, Гулюз Нематуллаева эса Осиё рекордини ўрнатганларини алоҳида таъкидлаш лозим.
Яна бир муҳим тарихий натижа – спортчи қизларимиз Мадина Мухторова, Фароғат Мухаммадқулова, Моҳичехра Ибрагимова пара енгил атлетиканинг ядро ва найза улоқтириш дастурлари доирасидаги муросасиз баҳсларда рақибларига мутлақо имконият қолдирмасдан бутун медаллар жамланмасини Ўзбекистонга олиб келдилар.
Буларнинг барчаси – сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, букилмас иродангиз, истеъдод ва маҳоратингиз, қолаверса, юртимизда инсон қадрини амалда таъминлашга қаратилган тизимли ишларимиз натижаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Сизлар эришган улкан зафар Янги Ўзбекистон ёшлари қандай катта марраларни эгаллашга қодир эканини амалда яна бир бор кўрсатгани билан ҳам ғоят аҳамиятлидир. Бу ғалаба, ҳеч шубҳасиз, минглаб ёшларимизга ғурур ва ифтихор, интилиш ва илҳом манбаи, катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни мана шундай баҳодир, довюрак ва паҳлавон фарзандлар этиб тарбиялаган, эзгу интилишларингизни доимо қўллаб-қувватлаб келаётган отаоналарингиз, моҳир ва жонкуяр мураббийларингизга, барча мухлисларингизга чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман.
Азиз спортчи ўғил-қизларим,
Қадрли мураббийлар!
Хабарингиз бор, яқинда мамлакатимизда Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш бўйича махсус қарор қабул қилдик.
Ишончим комил, ушбу қарор сизларнинг келгуси фаолиятингиз учун қўшимча равишда янги шароит ва имкониятлар яратиш, спорт оламидаги ютуқларингиз салмоғини янада оширишга хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳати – сўнгги йилларда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини тузиб, алоҳида Адаптив спорт турлари ассоциацияси фаолиятини йўлга қўйдик.
Шунингдек, ушбу тизимда Матонат мактаби ҳамда соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича институт ташкил қилдик.
Натижада адаптив спорт турларидаги йўналишлар сони 89 тага етказилиб, юртимиз маҳаллаларида ушбу спорт турлари билан доимий шуғулланувчилар сони 45 мингдан ошди.
Юртимизда инклюзив жамият барпо этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашувини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимиз албатта изчил давом эттирилади.
Ватанимизга юксак меҳри ва садоқати, мустаҳкам ирода ва матонати билан миллионлаб фарзандларимизга ўрнак бўлаётган сизлардек қаҳрамон ўғил-қизларимни Ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида қўлга киритган тарихий ғалабангиз билан яна бир бор чин қалбимдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда улкан омад ва зафарлар тилайман.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter