Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соғлиқни сақлаш тизимида янги босқич: хусусий сектор ва сифат назорати кучайтирилади

Соғлиқни сақлаш тизимида янги босқич: хусусий сектор ва сифат назорати кучайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда мамлакатда хусусий тиббиёт жадал ривожланди. 2016 йилда 3,2 мингта бўлган хусусий клиникалар сони 2026 йилга келиб 8,7 мингтага етиши кутилмоқда. Хусусий сектордаги йўналишлар 39 тадан 116 тагача, койка ўринлари эса 16 мингдан 57 мингтагача ошди. Натижада умумий койка фондида хусусий сектор улуши 12 фоиздан 31 фоизгача ўсиши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, соҳадаги айрим муаммолар ҳам қайд этилди. Хусусан, тиббий хизматлар сифати устидан назорат етарли эмаслиги, лицензиялаш талаблари замон талабларига мос келмаслиги, хусусий клиникалар ҳақида ягона электрон маълумот базаси шаклланмагани ва инвестиция лойиҳалари билан ишлаш тизими етарли эмаслиги таъкидланди.

Янги ёндашувларга кўра, тиббий фаолиятни лицензиялаш жараёнлари марказлаштирилиб, 2026 йил 1 июлдан бошлаб талаблар кучайтирилади. 48 та лицензия талабидан 14 таси қайта кўриб чиқилади. Бунда қоидабузарлик аниқланган тақдирда бутун клиника фаолиятини тўхтатиш ўрнига, фақат тегишли йўналиш бўйича чеклов қўллаш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, тиббиёт муассасалари фаолияти устидан назорат электрон тизим орқали масофадан туриб амалга оширилади. Аккредитациядан ўтган хусусий клиникаларга трансплантация амалиётларини ўтказишга рухсат берилиши, бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилиши режалаштирилмоқда.

2028 йилдан бошлаб аккредитациядан ўтмаган муассасалар билан тиббий хизматлар бўйича шартномалар тузилмайди. 2030 йилга қадар эса барча давлат тиббиёт муассасалари босқичма-босқич мажбурий лицензиядан ўтказилади.

Хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 миллион долларлик имтиёзли кредит ресурслари ажратиш, олис ҳудудларда клиникалар ташкил этиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш, хорижий мутахассислар учун солиқ имтиёзлари жорий этиш таклиф қилинди.

Инвестицияларни жалб қилишни кучайтириш мақсадида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигини ташкил этиш, “ягона дарча” тамойили асосида инвесторлар билан ишлаш ҳамда “Health Invest” компаниясини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари ушбу таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тизимни янада такомиллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг