Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонга 160 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирган

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонга 160 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирган

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган давлат мукофотларини топшириш маросимида сўнгги ўн йилда мамлакатда амалга оширилган ўзгаришлар ва эришилган натижаларга тўхталди.

Давлат раҳбари таъкидлашича, халқ билан ҳамжиҳатликда амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ва юқори суръатларда ўсиб бормоқда.

Сўнгги ўн йилда мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция киритилган, иқтисодиёт ҳажми эса 2,5 баробардан зиёд ўсган.

Президентнинг айтишича, жорий йил якунида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўтган давр мобайнида 5,7 миллионта доимий иш ўрни яратилган.

Давлат ва хусусий сектор иштирокида:

  • 1 миллион 200 минг ўринли замонавий мактаблар;
  • 342 минг ўринли боғчалар;
  • 62 минг ўринли шифохоналар ишга туширилган.

Шунингдек, аҳоли учун транспорт ва коммунал инфратузилмани яхшилаш мақсадида 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилган ва таъмирланган.

Ҳудудларда 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви кириб борган. Яна 11,5 миллион нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланган.

Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги замонавий уй-жойга эга бўлган.

 «Халқимизда “Уйли бўлиш — ватанли бўлиш” деган нақл бор. Шу маънода, камида 2,5 миллион аҳоли ватанли бўлди» – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг куч-қудрати нафақат иқтисодий кўрсаткичларда, балки маданият, санъат, спорт, давлат хизмати, маҳалла ва жамоат ҳаётида фидокорона меҳнат қилаётган инсонлар фаолиятида ҳам намоён бўлаётганини қайд этди.

Нуронийлар, маҳалла фаоллари, ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг жамият тинчлиги ва барқарорлигига қўшаётган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.

«Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси — бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир», – деди Президент.

Давлат раҳбари фидойи ва бунёдкор ватандошларга, мустақилликнинг асосий кучи ва таянчи бўлган халққа миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, инсон қадри улуғланган, адолат ва тараққиётга таянган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида халқ билан биргаликда изчил ҳаракат давом эттирилиши таъкидланди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг