Қотиллик ва зўравонликни тарғиб қилишда гумонланган блогер қўлга олинди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, Instagram тармоғида блогер бошқа бир блогернинг феминистик йўналишдаги клипига норозилик билдириб, уни ҳамда ўз қарашларига қўшилмайдиган бошқа шахсларни ўлдиришга чақирган.
Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, видеоролик муаллифининг шахси аниқланган.
Ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИБ фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жамиятда ҳар бир инсон мустақил фикрлаш ва ўзига хос дунёқарашда бўлиши қонунан чекланмаган. Маъқул келмаган фикр сабабли шахсни ўлдиришга, унга тажовуз қилишга чақириқ тарқатиш инсонийликка зид ва қабул қилиб бўлмас ҳолатдир.
Айрим блогерларнинг аудитория йиғиш мақсадида нафрат уйғотувчи видеороликлар тайёрлаши, ўзгаларни қатл этишга чорлаши жамият осойишталигига путур етказади. Шунингдек, бундай масъулиятсиз ҳаракатлар фуқаролар тинчлигини бузади.
Сўз эркинлиги ҳеч қачон қотилликка даъват қилиш ҳуқуқини англатмайди. Шу сабабли, одамларни ўлдиришга чорлаган бундай видеоролик тайёрлаган блогер ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter