Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Тоскана вилояти билан ҳамкорлик салоҳиятини юқори баҳолади

Президент Тоскана вилояти билан ҳамкорлик салоҳиятини юқори баҳолади

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 14 июл куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга амалий ташриф билан келган Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, айниқса савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.

Томонлар кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётганини таъкидлади. Жорий йил бошидан ўзаро савдо айланмаси 25 фоизга ошгани қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Италиянинг етакчи компаниялари иштирокида металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ва бошқа тармоқларда қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон ва Тосканани кўп асрлик тарихий ҳамда маданий алоқалар боғлаб туриши алоҳида таъкидланди. Буюк Ипак йўли даврида Флоренция билан Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар ўртасида фаол савдо муносабатлари йўлга қўйилган, флоренциялик савдогар ва дипломатлар Амир Темур саройида қабул қилинган.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида Пиза университети филиали фаолият юритмоқда ва жорий йилда унинг илк битирувчилари меҳнат бозорига кириб келади. Шунингдек, Прато шаҳрида Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи ишламоқда. 2024 йилда эса Флоренциядаги машҳур Уффици галереясида ўзбек авангард санъати намуналари кўргазмаси ташкил этилган.

Президент Тоскана вилояти билан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва заргарлик саноати, қурилиш, таълим, маданият ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Музокараларда Тоскана ва Бухоро вилояти ўртасида шериклик муносабатлари ривожланаётгани ҳамда ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолангани ижобий баҳоланди.

Учрашув якунида Тоскана вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича келишувга эришилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг